24 сентябрдан Ўзбекистоннинг барча вилоятларидаги тез тиббий ёрдам станциялари Жиззах автозаводида ишлаб чиқарилаётган Volkswagen Caddy русумли автомобилларни ола бошлади. Бу ҳақда республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар беради.
Жами минг дона Volkswagen Caddy сотиб олинган. Энг сўнгги ва замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланган ушбу автотранспорт воситалари халқаро талабларга тўла мос келиб, унинг ички қисми бемор ва тиббий ходимларнинг қулай жойлашиши имконини беради. Энг муҳими, ушбу машиналарда ҳаракатни тўхтатмай туриб ҳам беморга зарур тиббий ёрдам кўрсатиш мумкин.
Вазирликка кўра, «Тез ёрдам» бригадалари дислокацияси қайта кўриб чиқилиб, аҳоли яшаш пунктларига янада яқинлаштирилган. Натижада ўтган тўрт йил давомида хизмат кўрсатиш радиуси 15-20 километрдан 9-12 километрга қисқарган. 2016 йилда чақириқларга етиб бориш вақти ўртача 25-30 дақиқа бўлган бўлса, ҳозирга келиб бу рақам атиги 8-12 дақиқани ташкил қилади.