Самарқандда туризм секторини ривожлантириш учун $30 млн кредит ажратилади

History-doc.ru сайти фотосурати

Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси Самарқанд вилоятида ободонлаштириш ва туризмни риовжлантириш учун 30 млн доллар миқдорида кредит ажратади. У 5 йил муддатга, 2 йиллик имтиёзли даврни ҳисобга олган ҳолда, йиллик 3 фоиз ставка бўйича берилади. 22 сентябрь куни Ўзбекистон президенти имзолаган қарорда мана шу ҳақда сўз юритилади.

Самарқанд вилояти ҳокимлиги кредитдан мақсадли ва самарали фойдаланиш учун масъул ижро органи ҳисобланади. Кредитни қоплаш ва хизмат кўрсатиш билан боғлиқ харажатлар Самарқанд вилоятининг маҳаллий бюджетидаги қўшимча манбалар ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қопланади.

2017 йил президент Шавкат Мирзиёев туризм стратегик соҳа эканига урғу берганидан сўнг ҳукумат Самарқандни сайёҳлар учун жозибадор макон қилишга уринмоқда. Ўша йили Вазирлар Маҳкамаси «2017 — 2019 йилларда Самарқанд шаҳри ва Самарқанд вилоятининг туризм салоҳиятини жадал ривожлантириш чора тадбирлари тўғрисида» қарорини қабул қилди. Жумладан, унда меҳмонхоналар, сайёҳлик инфратузилмаларига эга «Самарқанд сити» мажмуасини қуриш, туристлар гавжум жойларда Wi-Fi ҳудудларини ташкил этиш, янги туризм йўналишларини ташкил этиш каби ишлар кўрсатиб ўтилган.

Қарорда 2022 йилга қадар туризм хизматлари экспорти ҳажмини 2,2 бараварга, туристлар сонини 3 бараварга ошириш режалари белгиланди.

Бироқ, COVID-19 пандемияси бошқа соҳалар қатори сайёҳлик секторига ҳам ўзининг салбий таъсирини ўтказмай қолмади. «Агар 2019 йили Самарқандга 3 миллион 120 минг сайёҳ ташриф буюрган бўлса, 2020 йили бу кўрсатгич 500 минг кишини ташкил этди», — деди ўтган йил декабрда Самарқанд ҳокими Бобурмирзо Облоқулов.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ