Аёллар эгалик қилаётган муассасалар, жумладан кафе ва ресторанлар «Толибон»* радикал харакати пойтахт Қобулни эгаллаганидан сўнг ўз фаолиятини тиклай олмаяпти, деб хабар беради TOLOnews телеканали.
Ники Табассум (Niki Tabasom) уч йил олдин Афғонистон пойтахтида кафе очиш учун $1 млн миқдорида маблағ сарфлаган. Аввалги ҳукумат қулагандан кейин, президент Ашраф Ғани қочиб кетганидан сўнг Табассум кафесидаги барча аёллар ишсиз қолганлар. Тадбиркор аёл толибларга қадар кунига 20 минг афғони даромад қилган ( $1 ҳозирда 82 афғони туради).
«Толиблар Қобулни эгаллаган кундан бошлаб кафе ёпилди. Мен ва ҳамкасбларим ишсиз қолдик…Кафеимда ишлаётган аёллар ўз оилаларининг боқувчилари эдилар, энди улар молиявий муаммоларга дуч келдилар», — дейди Табассум.
Ҳозирда мамлакатда мавжуд сиёсий муҳитда аёлларнинг пул ишлаб топишлари учун имконият яратилиши керак, дейди бу афғон аёли.
TOLOnews телеканалининг таъкидлашича, толиблар ҳукуматни эгаллаганидан сўнг тадбиркор аёллар миллионлар афғони йўқотдилар.
«Аёллар бошқараётган бизнесни молиялаштириш ишлари тўхтаб қолган. Улар ишдан ҳам, даромаддан ҳам қуруқ қолдилар. Айрим ҳолларда аёллар ўз компанияси қарашли қимматбаҳо нарсаларни сув текинга сотишга мажбур бўлдилар— дейди Қобул касаба уюшмаси раҳбари Нур-ул-Ҳақ Умари (Noor-ul-Haq Omari).
Таъкидлаш жоиз, гарчи толиблар Қобулни қўлга киритганларидан сўнг аёллар ҳақ-ҳуқуқлари поймол этилмаслигини вада қилганлари билан, улар афғон аёлларининг сиёсат ва жамият ҳаётида иштирокини чекламоқдалар.
*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот деб тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).