Орол фожиасидан жабр кўрганларга тўлов пули Мирзиёев ташрифи олдидан берила бошланди

Одамларга тўлов пули тарқатилмоқда. Мўйноқ туман матбуот хизмати фотосурати

Қорақалпоғистон ҳукумати Орол фожиасидан жабрланган мўйноқлик ҳар бир оилага 5 млн сўм миқдорида бир марталик тўлов пулини тарқата бошлади. Бу ҳақда туман ҳокимиятининг матбуот хизмати 21 сентябрь куни – Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг республикага ташрифи арафасида хабер берди.

Ҳар бир оила Халқ банкининг туман бўлими ва мобил кассалар орқали компенсация пулини олади.

Қанча одамга қанча пул тарқатилгани, шунингдек Мўйноқ аҳлига компенсация берилиши тўғрисида қарор қачон қабул қилингани тўғрисида маълумот берилмаган.

Шавкат Мирзиёев бу ерга президентликка номзод сифати ташриф буюрди. «Сайловолди учрашувларимни энг аввало Қорақалпоғистон диёридан бошлаётганим бежиз эмас. Илгари ҳам айтганман, бугун ҳам катта мамнуният билан такрорлайман – мен ўзимни қорақалпоқ халқининг ҳам фарзанди деб биламан» — деб таъкидлади Шавкат Мирзиёев

Президент Қорақалпоғистон ривожи учун келгуси беш йилда 43 трлн сўм ($4 млрд) ажратилишини маъулум қилди. Ушбу маблағ, жумладан «Нукус-сити» бизнес маркази қурилиши, чорвачиликни ривожлантириш, турли соҳаларда ўн минглаб ишчи ўринларини яратишга йўналтирилади. Мисол учун, халқ таълими соҳасида 90 мингта, қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаларида 70 мингта, саноат секторида 76 мингта янги иш ўринлари яратилиши кутилмоқда.

Қорақалпоғистонда 55 та янги мактаб қурилиб, мавжуд 135 та мактаб капитал таъмир этилади. Бошланғич синф ўқувчилари бепул тушлик билан таъминланадилар. 14 минг гектар пахта ва ғалла майдонлари қисқартирилиб, аҳолига очиқ танлов асосида, 1 гектаргача узоқ муддатли ижарага берилади ва бу орқали 50 мингга яқин иш ўрни ташкил этилади. Ҳудуднинг экспорт ҳажмлари камида 4 баробарга оширилиб, 500 миллион долларга етказилади.

Мирзиёев Қорақалпоғистондан Хоразм вилоятининг Урганч шаҳрига йўл олди. Президент дастлаб Амударёда қурилаётган кўприкни кўздан кечирди. Лойиҳанинг қиймати 174 миллион доллар бўлиб, унинг эвазига 80 километрлик темир йўл ва Амударё устида 413 метр узунликдаги кўприк барпо этилади. Натижада Хоразм вилояти билан Қорақалпоғистон Республикаси ўртасидаги темир йўл масофаси 240 километрга, йўл вақти эса 6 соатга қисқаради. Маҳаллий юк ташиш ҳажми йилига 12 миллион тоннадан 25 миллион тоннага ошади.

Ўзбекистон президенти савлови 2021 йил 24 октябрга белгиланган. Республикада фаолият юритувчи бешта сиёсий партия сайловда иштирок этиши учун ўз номзодларини илгари сурди. Сайловолди ташвиқоти 20 сентябрда бошланиб, 22 октябрда тугайди. Ўзбекистонда 21,2 миллиондан ортиқ одам овоз бериш ҳуқуқига эга.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ