Тошкент аэропортига шошилинч равишда қўнган British Airways самолёти маълум бир муддатга ушланиб қолди

BRITISH AIRWAYS САМОЛЁТИ ТОШКЕНТ АЭРОПОРТИДА. «НОВОСТИ ТАШКЕНТСКОГО НЕБА» ТELEGRAM-КАНАЛИ ФОТОСУРАТИ

Исломобад – Лондон BA-260 рейсини амалга ошираётган British Airways авиакомпаниясининг самолёти 22 сентябрь куни кечаси шошилинч равишда Тошкент аэропортига қўнишга мажбур бўлди. Самолётнинг учиб кетиши 23 сентябрга мўлжалланган. Бу ҳақда British Airways сайти жадвалида маълумот берилган.

«Новости ташкентского неба» («Тошкент осмони янгиликлари») Тelegram-канали хабар беришича, Boeing 777-200 самолёти 83 ёшли йўловчи аёлнинг саломатлиги кескин ёмонлашгани сабаб Тошкент аэропортига қўнишга мажбур бўлган. Лайнер ерга қўнганидан сўнг йўловчи аёл вафот этган. Дастлабки маълумотларга кўра, йўловчи ўлимига юрак уриши тўхтаб қолганини сабаб бўлган. Йўловчининг қайси давлат фуқароси экани тўғрисида маълумот берилмаган.

Рейснинг қолган йўловчилари Тошкент аэропорти терминалларидан бирига жойлаштирилган, улар самолёт учишини кутмоқдалар.

British Airways самолётига ёнилғи қуйилган. Бироқ, самолётнинг ўнг ёнилғи насоси ишдан чиққан. Парвознинг давом эттирилиши учун техник таъмир ўтказилиши талаб этилган, бироқ экипаж аъзолари ичида мутахассис бўлмаган. Uzbekistan Airways Technics компаниясининг инженерлари В777 самолётига техник хизмат кўрсатиш лицензиясига эга бўлмаган. Шунга қарамасдан Буюк Британия авиация ҳокимияти бир марталик таъмир кўрсатилиши ва у борт журналини қайд этилиши учун рухсат берган.

Натижада носозлик бартараф этилган. Экипаж аъзоларининг иш вақти тугагани ва уларнинг дам олиши зарурлиги сабаб, Лондонга парвоз қолдирилган. Онлайн-жадвалда парвознинг дастлабки вақти соат 03:35 да деб кўрсатилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ