Москва вилояти Путилково қишлоғида жойлашган Миграция маркази янги жойга кўчиб ўтади ва ноябрь ойидан ишламайди. Бу ҳақда Москва вилояти ҳукумати раисининг ўринбосари Роман Каратаев губернатор Андрей Воробьев билан бўлган мажлисда маълум қилди, деб хабар беради 360tv телеканали.
«Биз топшириғингизга биноан патентларни расмийлаштирадиган янги жойни танладик. Ноябрь ойида янги жойга кўчиб ўтиш сабаб Путилководаги Миграция маркази ўз фаолиятини тўхтатади», — деди Каратаев.
Гап Москва шаҳри ҳукуматига қарашли Сахароводаги миграция маркази ҳақида кетмоқда. Бундан аввал Москва шаҳри ва вилояти миграция марказларини бирлаштириш борасида «Коммерсантъ» газетаси пойтахт мэриясига таянган ҳолда хабар берганди. Унга кўра, Сахароводаги марказ қўшимча қувват билан лойиҳалаштирилган, бўлажак муассасанинг юридик мақоми икки регион келишуви асосида белгиланади.
Аввал хабар берилганидек, июнда Путилково қишлоқ аҳли РФ президенти ҳузуридаги инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашга мурожаат қилиб, «Гринвуд» бизнес марказида жойлашган Москва вилояти Ягона миграция марказини кўчириб ташлашни илтимос қилган. Бу ерга ҳар куни юзлаб мигрантлар ҳужжатларни расмийлаштириш учун ташриф буюрадилар.
Вазият айнан июнь ойида, мигрантларнинг Россиядан чиқариб юборишга доир моратория тугагунга қадар ҳужжатларни расмийлаштиришга уринганлари чоғида таранглашганди. Чунки, чет эл фуқаролари туну-кун бу ерда навбат кутишга мажбур бўлгандилар. Маҳаллий халқнинг гувоҳлик беришича, мигрантлар очиқ майдонларда тунаганлар, кўчаларда ҳожатини чиқариб, ҳаммаёқни ифлос қилиб ташлаганлар. Улар Путилково одамларига «дщстона муносабатда» бўлмаганлар, ҳаттоки бир марта таранглик отишмагача етиб борган, деб ёзади «Коммерсантъ». Кенгаш Москва вилояти мулозимларига миграция марказини «турар жой массивлари билан қўшни» бўлмаган жойга кўчириш кераклигини тавсия қилиб, мисол тариқасида Сахарово миграция марказини келтирган.
Москва ҳукуматининг эътироф этишича, мазкур миграция маркази Россиядаги энг йирик марказ бўлиб, у бир кунда 7,5 мингга яқин чет эл фуқаросини қабул қилиши мумкин. Нашр материалига кўра, Сахароводаги марказда янги бинолар қурилмайди, шунчаки қўшимча қабулхоналар ташкил этилади.