Ўзбекистонда Lada автомобилларини серияли йиғиш йўлга қўйилди

Rostec.ru сайти фотосурати

Ўзбекистонда Lada Vesta SW ва Lada XRAY автомобилларини серияли йиғиш ишлари бошланди. Бу ҳақда Spot нашри Roodell компаниясига таянган ҳолда хабар беради.

СКД усулида ишлаб чиқарилган биринчи Lada Vesta SW ва Lada XRAY моделлари аллақачон дилерлар тармоғига юборилишга тайёр. Яқин келажакда уларга LADA Largus қўшилади.

Йиғиш ишлари Жиззах эркин иқтисодий зонасида жойлашган АDМ Жиззах автомобиль заводида ташкил этилди.

Завод Roodell компаниясига қарашли бўлиб, у Ўзбекистонда Kia ва Lada моделларининг расмий импортёри ҳисобланади. Корхона 2020 йили иш бошлаган ва инвестдастурга кўра, у йилига 100 мингта автомобиль йиғиш қувватига эга.

Lada автомобилларига Ўзбекистонда эҳтиёж бор: 2020 йили республикада беш минг дона мазкур бренддаги автомобиллар сотилган.

Шу билан бирга, UzAuto Motors ва SamAuto Озарбайжонда автомобилларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. UzAuto Motors матбуот хизматининг хабарига кўра, автомобиллар Гаджигабул шаҳрида жойлашган «Азермаш СР» заводида ишлаб чиқарилади. Биринчи босқичда бу ерда Chevrolet Nexia, Chevrolet Cobalt, иккинчи босқичда — Chevrolet Damas ва Chevrolet Labo автомобиллари ишлаб чиқарилади.

Умумий ҳисобда «Азермаш СР» йилига беш мингга яқин юқоридаги моделларни ва мингга яқин СамАвто автобусларини ишлаб чиқариш қувватига эга бўлади. Автомобиллар Озарбайжонда, истиқболда Грузия, Туркия ва Африка мамлакатларида сотилади.

2020 йил март ойида UzAuto Motors корхонаси Қозоғистонда Chevrolet автомобилини ишлаб чиқара бошлади. Май ойида эса ушбу мамлакатда «СамАвто» автобусларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ