«ИШИД-Хуросон» гуруҳи толибларга қарши уюштирилган ҳужумларни ўз зиммасига олди

«Толибон» жангарилари америкалик ҳарбийлар кийимида. Twitter тармоғи фотосурати

«ИШИД Хуросон»* террорчи гуруҳи Афғонистоннинг шарқий вилояти Нангархарда содир этилган терактларни ўз зиммасига олди. Бу ҳақда 20 сентябрь куни TOLOnews телеканали хабар қилди.

18 ва 19 сентябрь кунлари Нангархарда «Толибон»* радикал ҳаракати жангариларига қарашли бир неча автомобиль портлатиб ташланди. Оқибатда, камида битта гўдак ўлган, ўнлаб оддий одамлар, жумладан толиблар жароҳат олган.

«ИШИД-Хуросон» ушбу ҳодиса оқибатида 35 нафар толиб ўлгани ва яраланганини маълум қилади. Радикал ҳаракат ҳозирча ушбу иддаога муносабат билдирмади.

Ижтимоий тармоқларда «Толибон» жангарилари кетаётган машинанинг портлашига доир видео тарқалган.

«ИШИД-Хуросонн» гуруҳи — «ИШИД» террорчи ташкилотининг Афғонистондаги филиали ҳисобланади. Толиблар ҳокимиятни эгаллагунига қадар гуруҳ жангарилари асосан шиа масҳабида бўлмиш ҳазораларга, шунингдек Нангархардаги давлат мулозимларига қарши ҳужумлар уюштириб юрганлар.

26 августда «ИШИД-Хуросон»га қарашли худкуш ўзини Қобул аэропорти ёнида портлатиб ташлайди. Оқибатда 200 дан ортиқ одамлар, асосан афғонлар, шунингдек 13 нафар америкалик ҳарбий вафот этди.

Шундан сўнг АҚШ армиясининг учувчисиз аппарати Нангархар вилоятида террорчиларга қарши ҳаво зарбасини берди. Америка ҳарбийларининг таъкидлашича, улар аэропортдаги портлашларга дахлдор икки нафар террорчини йўқ қилганлар.

29 августда америка учувчисиз аппарати Қобул халқаро аэропортидан бир неча чақирим олисдаги турар-жой биносига зарба беради. АҚШ армияси дастлаб аэропортда янги терактларни ҳозирлаётган «ИШИД-Хуросон» террорчилари бартараф этилганини маълум қилди. Бироқ, сентябрда америкалик ҳарбийлар ракетадан зарба берилишида хатоликка йўл қўйилгани, оқибатда террорчилар эмас, тинч афғон оиласи ҳалок бўлганини тан олдилар.

*Ташкилот РФ ва кўпгина давлатларда террорчи деб тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ