Тўйга юз нафарга яқин одам чақиришга рухсат берилди

Effect.uz сайти фотосурати

Жорий йилнинг 20 сентябридан тўйхоналарда оилавий тантана, тўй, маърака ва маросимларни ўтказиш 100 кишидан кўп бўлмаган ҳолда ўтказилишига рухсат берилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг матбуот хизмати хабар беради.

Бундан икки ой олдин, 20 июлда коронавирусга қарши кураш Республика махсус комиссияси тўйлардаги одамлар сонини 50 нафарга қисқартирган эди. Маросимга фақат яқин қариндошлар таклиф этилишига рухсат берилганди.

Шунингдек, махсус комиссия 20 сентябрдан маданий-кўнгилочар ва бошқа турдаги маросимларни нафақат очиқ ҳавода, балки ёпиқ биноларда ҳам ўтказилишига рухсат берди. Бунинг учун ташкилотчи ва хизмат кўрсатувчи ходимлар эмланганлик борасида QR-кодли сертификатга эга бўлишлари лозим. Маросим иштирокчиларининг барчаси ниқобда бўлиши, антисептиклардан фойдаланишлари шарт. Сентификати йўқ меҳмонларни маросимга киритиш ташкилотчилар ихтиёрига боғлиқ.

Бундан ташқари, 24 сентябрдан масжидларнинг фақат очиқ ҳовлисида жума намозларини ўқишга бўлган талаб бекор қилинади.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотларига кўра, 18 сентябрга келиб республикада 3,7 млн одам коронавирусга қарши тўлиқ эмланган, 10,4 млн фуқаро ҳеч бўлмаганда вакцинанинг битта дозаси билан эмланган. Жами Ўзбекистонда 18 млн дозадан ортиқ вакцинадан фойдаланилган. Энг кўп эмланган одамлар — Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларига тўғри келади. Водийда умумий ҳисобда 6 миллионта одам коронавирусга қарши эмланган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ