Ўзбекистонликлар пиёда юриш орқали $1 миллионга яқин даромад қилдилар

АР ФОТОСУРАТИ

Жорий йилнинг 10 июнидан 13 сентябрига қадар кунига 10 минг қадамдан кўп пиёда юрган ўзбекистонликлар умумий ҳисобда 9,4 млрд сўм ($880 мингдан ортиқ) пул ишлаб олдилар. Бундан ташқари пиёда юриш бўйича жойларда лидерлар қўшимча равишда 206,7 млн сўм ($20 мингга яқин) даромад қилдилар. Бу ҳақда Ўзбекистон Туризм ва спорт вазирлигининг матбуот хизмати хабар беради.

Бир сутка давомида 10 минг ва ундан ортиқ қадам юрган 18 ва ундан юқори ёшдаги Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг электрон ҳамёнига 3 минг сўм ($0,3), бир ойда бир марта туман (шаҳар) бўйича энг кўп юрган шахсга 300 минг сўм ($28) , ҳудудлар бўйича энг кўп юрган шахсга 500 минг сўм ($47), республика бўйича энг кўп юрган шахсга 1 млн сўм ($94) қўшимча равишда платформадаги электрон ҳамёнига ўтказилди.

Июль ойи бўйича туманлараро 203 нафар ғолиб аниқланди. Уларга умумий ҳисобда 68 млн сўм ($6,4 минг) тўланди. Тошкентлик Улуғбек Тоиров 1,9 млн қадам босиб лидерликни қўлга киритди.

2020 йил 30 октябрда имзоланган Ўзбекистон президентининг «Соғлом турмуш тарзини ҳаётга кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони COVID-19 пандемияси даврида соғлом турмушни тарғиб қилиш мақсадида қабул қилинганди. 2021 йил июнь ойида «Соғлом турмуш тарзи» платформасига оид 1hls.uz мобил илова ишга туширилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Нима учун Ўзбекистон яна бир бор газ тақчиллигига дуч келгани ва яна бир бор ёқилғи қуйиш шохобчалари фаолиятини чеклагани ҳақида

  • Япония беш йил ичида Марказий Осиё мамлакатларидаги лойиҳаларга тахминан 20 миллиард доллар сармоя киритади

  • Марказий Осиё республикаларининг Япония билан яқинлашувида кўз илғамас масалалар бор

  • Тошкентда Ўзбекистон гербини яратган рассом Анвар Мамажоновнинг график асарлари кўргазмаси бўлиб ўтмоқда