Жаҳон банки Марказий Осиёда иқлим сабаб вужудга келадиган мигрантлар оқимини маълум қилади

Сentralasian.org сайти фотосурати

2050 йилга келиб Марказий Осиёда иқлим сабаб 2,4 млн мигрант пайдо бўлади. «Иқлим» мигрантлари Фарғона водийси, Тошкент атрофи, Тожикистоннинг қуйи туманлари (Душанбе билан бирга), шимолий Қозоғистоннинг гавжум шаҳарларига (Караганда, Нур-Султон ва Костаной) кўчиб келадилар. Бу ҳақда Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси матбуот хизмати Groundswell («Тўққизинчи вал») маърузасига таяниб хабар беради.

Марказий Осиёда иқлим миграцияси сув танқислиги ва қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигининг камайиб кетиши билан боғлиқ бўлади. Одамлар Қозоғистоннинг жанубий чегара ҳудудларидан, Ўзбекистон ва Тожикистоннинг Фарғона водийсига туташ туманларидан, Амударё соҳилидаги шарқий Туркманистон ва Ўзбекистон жанубий ҳудудларидан, шунингдек Бишкек атрофидаги ерлардан кўчиб кетадилар.

Ички иқлим миграцияси тез орада – 2030 йилга келиб пайдо бўлиши мумкин, дейилади хабарда. Глобал чиқиндиларни камайтириш бўйича тезкор чоралар кўриш, экологик, инклюзив ва барқарор ривожланишни қўллаб-қувватлаш билан мазкур жараённи тўхтатиб қолиш мумкин. Бундай чоралар иқлим миграцияси кўламини 80 фоизга қисқартириши мумкин.

Марказий Осиёда 2010 йилги аҳоли зичлиги ва унинг 2050 йилдаги пессимистик прогнози. Groundswell маърузаси иллюстрацияси

Ҳозирги прогнозларга кўра, 2050 йилга келиб дунёнинг олтита минтақасида (Марказий Осиё билан биргаликда) 216 млн одам бошқа жойларга кўчиб кетишга мажбу бўлади. Африканинг Саҳрои Кабиридан жанубда жойлашган мамлакатлардаги «иқлим» мигрантларининг сони 86 млн, Шарқий Осиё ва Тинч океани минтақасида – 49 млн, Жанубий Осиёда – 40 млн, Шимолий Африкада – 19 млн, Лотин Америкасида – 17 млн, Шарқий Европада ва Марказий Осиёда 5 миллионни ташкил этиши мумкин.

БМТ маълумотларига кўра, кейинги 50 йил ичида Марказий Осиё аҳолисини сув билан таъминлаш 3,5 баробарга камайган. Global Water Initiative ҳисоб-китобига кўра, сув таъминоти 2025 йилга бориб танг кўрсатгич — бир йилда жон бошига 1,7 куб. метрни ташкил этиши мумкин.

2021 йил Ўзбекистонда расман сув танқислиги йили деб эълон қилинди. Амударё ва Сирдарёда аввалги йилларга нисбадан сув ҳажми 12 млрд кубометрга камайган. «Бу сув танқислиги даражаси Фарғона водийсининг жанубидаги дарёларда 90-100 фоиз, Вахш, Зарафшонда 85-95 фоиз, Сурхондарё, Норинда 80-90 фоиз, Қашқадарёда 75-85 фоиз, Қорадарё, Чирчиқ, Оҳангаронда 70-75 фоиз, Фарғона водийси шимолидаги дарёларда 60-70 фоизни ташкил этганини англатади»—дея хабар берган Ўзбекистон Сув хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати Kun.uz нашрига.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ