Саудияликлар Қорақалпоғистонда шамол электр станциясини қурадилар

Hawaiistrategists.com сайти фотосурати

Қорақалпоғистон Республикасида 100 МВт қувватга эга шамол электр станциясини қуриш бўйича халқаро тендерда «АCWА Power» (Саудия Арабистони) компанияси ғолиб чиқди. Бу ҳақда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг матбуот хизмати хабар қилади.

ACWA Power 1 кВт*с электр энергия учун 2,5695 АҚШ центига тенг тарифни таклиф қилган. Ишлаб чиқариладиган 1 кВт*с электр энергия учун 2,6550 АҚШ центига тенг тарифи билан «Masdar» (БАА) компанияси ушбу тендернинг захира ғолиби деб, эълон қилинган.

Тендерда иштирок этишга 70га яқин хорижий компания қизиқиш билдирди. Олдиндан малакали танловда Хитой, Жанубий Корея, Япония, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Туркия, Россия, Сингапур, Чехия ва Франциядан 16 та компания иштирок этиб, улардан 12 таси ушбу танловдан муваффақиятли ўтган. Тендернинг якуний босқичида Бирлашган Араб Амирликларининг «Abu Dhabi Future Energy company PJSC» (Masdar) (БАА) компанияси, «АCWА Power» (Саудия Арабистони) ва «Voltalia» (Франция) компанияси ўзаро рақобатлашди.

Инвестициявий мажбуриятларга мувофиқ, шамол электр станцияси 2023 йилнинг ўрталарига келиб ишга туширилади. Электр станциясининг ишга туширилиши йилига 400 миллион кВт/с экологик тоза электр энергияси ишлаб чиқаришни таъминлайди. ШЭС Қорақалпоғистон Республикасининг Қораузоқ ва Беруний туманлари ҳудудида жойлашади. Лойиҳаларни амалга оширишга жалб этиладиган тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми 140 млн долларга тенг. Унинг амалга оширилиши мамлакатнинг умумий энергия балансида қайта тикланадиган манбалардан ҳосил бўладиган электр энергияси улушини 25 фоизга етказиш мақсадига эришишга хизмат қилади ҳамда 110 мингга яқин хонадонга электр энергияси етказиб бериш, атмосферага чиқариладиган углерод чиқиндиларини йилига 157 минг тоннага камайтириш ва қурилиш даврида мингдан ортиқ янги иш ўрни яратишга имкон беради.

2020 йил март ойида ACWA Power компанияси Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги билан электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш ва республикада техник экспертизани ривожлантириш борасида учта келишувни имзолаган эди. Лойиҳаларнинг умумий қиймати $2,5 миллиардни ташкил этган. Жумладан, Ўзбекистон ACWA Power компанияси билан $1,2 млрд миқдорида электр энергиясини сотиб олиш борасида 25 йиллик келишувга эга.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ