ЮНЕСКО Ўзбекистон ва Қозоғистондаги қўриқхоналарни Халқаро рўйхатга киритди

Tugai.uz сайти фотосурати

ЮНЕСКОнинг Халқаро биосферали қўриқхоналар рўйхатига Қуйи-Амударё давлат биосферали резервати (Ўзбекистон) ва Қўлсой кўли (Қозоғистон) қўриқхонаси киритилди. Бу ҳақда ЮНЕСКО матбуот хизмати хабар беради.

Қуйи-Амударё қўриқхонаси Орол денгизи соҳилидан жануби-шарқда жойлашган. Бу ерда Марказий Осиёдаги энг йирик тўқайлардан бири жойлашган бўлиб, у глобал нуқтаи назардан йўқ бўлиб кетиши мумкин бўлган уникал экотизим ҳисобланади. Бу ҳудуд Марказий Осиё чўллари ичида энг юқори биохилмахиллиги билан ажралиб туради. Қўриқхонада Қизил китобга киритилган бухоро кийиги (Cervus hanglu bactrianus) яшайди.

«Халқаро биосферали қўриқхоналар рўйхатига кирар экан, Қуйи-Амударё давлат қўриқхонаси табиий ландшафтларни, тўқай ҳайвонлари ва ўсимликларини асраш, уларни тиклашга ҳаракат қилади», — дейилади ЮНЕСКО матбуот хизмати хабарида.

Қўлсой кўли қўриқхонаси Тян-Шан тоғ тизимининг шимолий қисмида жойлашган. У ўзининг ажойиб дашт ландшафтлари, даралари, дарё ва кўллари билан ажралиб туради. Бу ерда камёб ва қирилиб бораётган кўпгина жониворлар истиқомат қилади, тяншан қўнғир айиғи, тоғ қоплони ва туркистон ёввойи мушуги шулар жумласидандир. Шундай қилиб, Халқаро рўйхатга киритилган Ўзбекистон қўриқхоналарининг сони иккитага, Қозоғистонники ўн учтага етди.

ЮНЕСКОнинг «Инсон ва биосфера» дастури доирасида Халқаро биосферали қўриқхоналар тармоғига 21 мамлакатдан йигирмата янги объект киритилди. Ҳозирда тармоқда 131 мамлакатдан 727 та қўриқхона, шунингдек 22 та трансчегаравий объектлар мавжуд. ЮНЕСКОнинг биосферали қўриқхоналари бугунги кунда Ер шари қуруқлигининг 5 фоизини қамраб олган. Ташкилот 2030 йилга бориб ушбу кўрсатични 30 фоизга кўпайтиришни мақсад қилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ