Ўзбекистон ҳукумати тадбиркорлар учун маъмурий ва солиқ юкини камайтиради

Smallbusiness.co.uk сайти фотосурати

2021 йил 1 октябрдан бошлаб жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи (ЖШОДС) тўловчиси бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан солиқ органларига солиқ ҳисоботини топшириш бекор қилинади. 2022 йил 1 январдан 2023 йил 1 январга қадар республика туманларида (Тошкент шаҳри бундан мустасно) фаолият юритувчи якка тартибдаги тадбиркорлик субъектларига белгиланган ижтимоий солиқ ставкаси икки бараварга пасайтирилган ҳолда базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизи миқдорида белгиланади. 15 сентябрь куни Ўзбекситон президенти томонидан имзоланган фармонда мана шундай қоидалар кўзда тутилган.

2022 йил 1 январдан назорат қилувчи органлар тадбиркорлик субъектлари фаолиятини белгиланган тартибда тасдиқланган саволнома бўйича текширади, тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувларни ўтказишга қонунбузилишларга йўл қўйилишининг олдини олиш бўйича профилактика тадбирлари белгиланган тартибда ўтказилгандан сўнг йўл қўйилади, бундан солиқ текширувлари, жиноят ишлари ва тезкор-қидирув фаолияти доирасида, шунингдек, қонунчилик ҳужжатлари бузилиши ҳақидаги мурожаатлар ва маълумотлар асосида ўтказиладиган текширувлар мустасно.

2022 йил 1 апрелга қадар тадбиркорлик соҳасида давлат назорати билан боғлиқ катта ҳажмдаги маълумотларни йиғиш, таҳлил қилиш ва қайта ишлаш имконини берувчи «Ягона давлат назорати» ахборот тизими ишлаб чиқилади ва ишга туширилади.

2022 йилдан бошлаб тадбиркорлик субъектларига маъмурий босим даражасини аниқлаш ва енгиллаштириш, шунингдек, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган Тадбиркорлик фаолияти эркинлиги индекси жорий этилади.

Индекс Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил томонидан «Ягона давлат назорати» ахборот тизими орқали текширув натижалари асослилиги ҳамда қонунийлиги, профилактик тадбирлар ва текширувлар мутаносиблиги, тадбиркорларнинг текширув натижаларидан қониқиш даражаси каби кўрсаткичлар асосида тузилади.

Бундан олдин республикада 2022 йил 1 январдан бошлаб камерал солиқ текшируви натижалари бўйича аниқланган ҳуқуқбузарликлар учун молиявий санкциялар қўлланилмаслиги маълум қилинганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ