Тошкент ва Сурхондарё вилоятларида мораторийга қарамасдан юзлаб дарахтлар кесиб ташланган

Расул Кушербаев Telegram-канали фотосурати

Ўзбекистонда 2019 йили жорий этилган мораторийга қарамасдан дарахтларни ёппасига кесиш ҳолатлари тез-тез учрамоқда.

Жумладан, 14 сентябрь куни Парламент депутати Расул Кушербаев Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги «Амирсой» курорт зонасида 700 тупга яқин қимматбаҳо дарахтлар кесиб ташланганини хабар қилади. Унинг сўзларига кўра, етказилган зарар тахминан 400 млн сўмни ($37,5 минг) ташкил этади. Бу воқеага доир материаллар Экология қўмитаси томонидан прокуратурага тақдим этилган.

Qalampir.uz маълумотига кўра, 14 март куни Сурхондарё вилоятининг Шўрчи туманида бир кечада 160 тупдан ортиқ тут дарахти қўпорилиб, ўрнида қурилиш бошланган. Бу ишлар Термиз – Душанбе халқаро йўли ёнида 4 гектарлик тутзорда юз берган. Эрталаб бу ерда узунлиги 40 метр, энига 18 метр бўлган йирик бинонинг пойдевори қурилиши бошланган.

Мазкур хабарда келтирилган ҳолатлар юзасидан «Ўзбекипаксаноат» уюшмаси расмий муносабат билдирган. Қайд этилишича, мақола эълон қилиниши билан Сурхондарё вилоят «Агропилла»МЧЖ раҳбари Ш.Чориев бошчилигида ишчи гуруҳи тузилиб, масъул ходимлар мазкур ҳолатни ўрганиш учун воқеа жойига юборилган.

Маълум бўлишича, ушбу ҳудудда қурилиш ишларини бошлаган «Олтин учбурчак» лойиҳаси раҳбари Дилором Ўроловага Шўрчи тумани ҳокимининг 2021 йил 8 апрелдаги қарори билан автобус бекати ва санитария-гигеник (маиший хизмат кўрсатиш) шаҳобчаси қуриш учун ер ажратиб берилган.

Қарорда Сурхондарё вилоятининг Шўрчи тумани Ободон ҳудудидаги тутзор майдоннинг «Шўрчи Тайёрлов Агропилла» МЧЖ томонидан Шўрчи тумани ҳокимлиги балансига «Шўрчи Тайёрлов Агропилла» МЧЖнинг 2021 йил 29 мартдаги хатига асосан қайтарилгани кўрсатилган.

Қайд этилишича, ишчи гуруҳи томонидан жараён ўрганилганида «Шўрчи Тайёрлов Агропилла» МЧЖ томонидан ушбу тутзорнинг Шўрчи тумани ҳокимлиги балансига қайтарилиши тўғрисида ҳеч қандай хат чиқарилмагани маълум бўлган.

«Ўзбекипаксаноат» уюшмаси Шўрчи тумани прокурорига билдириш хати билан чиққан ва ҳудудда қурилиш ишлари тўлиқ тўхтатилган.

Эслатиб ўтамиз, тут дарахти давлат ўрмон фондига кирмайдиган қимматбаҳо дарахтлар рўйхатига киритилган ва уларнинг кесилишига қарши 2019 йилдан мораторий жорий этилган. 2021 йил августда ушбу мораторий яна уч йилга узайтирилди. Президент Шавкат Мирзиёев ўз сайловолди дастурида дарахтларни кесишга муддатсиз мораторий жорий қилинишини маълум қилди. Шунга қарамасдан Сенат раиси Танзила Нарбаеванинг эътироф этишича, «одамлар жарима тўлаган ҳолда яна дарахтларни кесишни давом эттирмоқдалар».

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ