Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ)нинг асосий гуруҳи 14 сентябрь куни Тошкентга келди. Бу ҳақда Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси матбуот хизмати хабар қилади.
Гуруҳга Оуэн Мерфи етакчилик қилмоқда. Гуруҳ таркибида 11 нафар узоқ муддатли кузатувчилар бор бўлиб, яна 28 та мутахассис келаси ҳафта республикага ташриф буюради. Кузатувчилар республикадаги вилоятларга бўлиниб, жойларда сайлов жараёнларини кузатадилар. Сайловга бир икки-кун қолганда 250 нафар қисқа муддатли кузатувчилар Ўзбекистонга ташриф буюрадилар.
Оуэн Мерфи Ўзбекистон президенти сайловидан сўнг уч ҳафта ўтиб ДИИҲБ кузатувчилари қилинган ишлар юзасидан ҳисобот тақдим этишларини вада қилди.
Ўзбекистон президенти сайлови 2021 йил 24 октябрда бўлиб ўтади. Республикада фаолият юритаётган бешта сиёсий партия ўз номзодларини илгари сурди. МСК барча номзодларни рўйхатдан ўтказди. Республикада 14 та сайлов округи ташкил этилди, сайлов участкаларининг умумий сони 10 760 тадан иборат. 21 миллиондан ортиқ ўзбекистонлик овоз бериш ҳуқуқига эгадир.