Ўзбек-туркман савдо айланмаси ҳажми яқин келажакда 1 млрд долларга етказилади. 14 сентябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган Савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, маданий-гуманитар ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Туркманистон Ҳукуматлараро комиссиясининг 16-йиғилишида шу ҳақда келишиб олинди.
Кейинги тўрт йил ичида икки мамлакат ўртасида товар айланмаси уч баробарга кўпайди. Бундай натижа қишлоқ хўжалиги, мева-сабзовот, фармацевтика ва тўқимачилик, қурилиш, нефт маҳсулотлари ҳажмини кўпайтириш ҳисобига эришилди.
Томонлар қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, чарм-пойабзал саноати, маиший техника ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳаларида ишлаб чиқариш объектларини ташкил этиш лойиҳаларини ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришдилар.
Ҳукуматлараро комиссия мажлиси якуни бўйича энергетика, нефть ва газ соҳаси, кимё ва автомобиль саноати, қишлоқ ва сув хўжалиги, экология, фан, таълим, спорт ва туризм соҳаларида янада амалий ҳамкорлик қилиш бўйича қатор шартномалар имзоланди.
Яқин орада ўзбек-туркман чегараолди савдо зонасини барпо этиш лойиҳаси тасдиқланади. Ўзбекистон президенти қарорига кўра, Туркманистон билан чегарадош ҳудудда «Қўнғирот» эркин савдо зонаси ташкил этилади. Унинг фаолияти 30 йилга мўлжалланган ва бу муддат узайтирилиши мумкин.
Ҳудудда чакана савдо операцияларини амалга ошириш ҳуқуқи билан эркин божхона зонаси режими жорий этилади. Микрофирмалар ва кичик корхоналар ягона солиқ тўловларидан озод этилади. Бу ерда товарлар савдоси учун тўловлар ва пул ўтказмалари жорий операциялар учун эркин конвертация тамойилига асосан товарлар учун, давлат божлари, йиғинлар ва бошқа шартли тўловлардан ташқари, хорижий валютада тўловларни амалга оширишга рухсат этилади. Иштирокчилар ЭСЗнинг фаолият юритиш муддати давомида мол-мулк солиғидан, ер солиғидан, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқдан озод этиладилар.
«Қўнғирот» эркин савдо зонасига киритилаётган товарлар Ўзбекистон божхона ҳудудидан ташқарида деб ҳисобланади. Туркманистон фуқаролари бу ерда виза расмийлаштирувисиз беш кун бўлиши мумкин.