АҚШ айрим давлатлар билан Афғонистондан чет элликларни транзит йўли билан олиб чиқиш борасида келишувга эга бўлди

Энтони Блинкен. Facebookдаги саҳифаси фотосурати

Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистон, Тожикистон ва Покистон билан ушбу мамлакатлар ҳудудидан америкаликлар ва Афғонистондан эвакуация қилинажак инсонларнинг транзит орқали чиқиб кетишлари борасида келишувга эга бўлди. Бу ҳақда АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен АҚШ Конгресси вакиллар палатасининг ташқи ишлар қўмитасидаги чиқишида маълум қилди.

«Биз айрим давлатлар, жумладан Покистон, Ўзбекистон, Тожикистон билан америка фуқаролари, АҚШда доимий яшашга рухсатномаси бор, шунингдек Афғонистонни тарк этишга интилаётган америка визасига эга ва биз [Вашингтон ҳукумати] ёрдам кўрсатаётган одамлар учун чегаралар очиқ бўлиши борасида келишувга эришдик. Учала мамлакат билан бизларда базавий шартнома мавжуд», — дея Блинкен сўзларини келтиради ТАСС.

Шу билан бирга Блинкен АҚШ маъмурияти Покистоннинг «Толибон»* ҳаракатини қўллаб-қувватлаши ва Афғонистондаги «кейинги 20 йил ичидаги» воқеаларга алоқадорлигини баҳолаб, АҚШ наздида Покистон «бундан кейин Афғонистонда қандай роль ўйнаши» кераклигини муҳокама қилишини таъкидлади. Давлат котиби фикрига кўра, Покистон ҳаракати «кўп жиҳатдан АҚШ манфаатига зид келади», бироқ айрим вазиятларда икки мамлакат манфаатлари бир-бирига мос тушади, жумладан террорга қарши кураш масалаларида.

Август ойида, Афғонистондан одамларни тезкорликда эвакуация қилиш кампанияси авжига чиққанида АҚШ Давлат департаменти вакили Нед Прайс бир қатор давлатлар, жумладан Қозоғистон, Тожикистон ва Ўзбекистон ўз ҳудудлари орқали толиблар эгаллаб олган мамлакатдан америкаликлар ва бошқа давлат фуқароларининг хавафсиз жойларга олиб чиқиб кетилишига изн беришини гапирганди. Ўшанда Тошкент ва Навоий аэропортлари ГФР, Польша ва бошқа давлат фуқароларидан иборат эвакуация рейсларини қабул қилгани маълум бўлганди.

Покистон ҳам Афғонистондан қочқинлар ва чет эл фуқароларини эвакуация қилиш ишларида четда турмади. Ушбу мамлакат ҳукумати маълумотларига кўра, 15 августдан 31 августга қадар Афғонистондан Покистонга 13,5 мингта одам авиарейслар билан олиб келинган. Шунга қарамасдан Афғонистон собиқ ҳукумати вакиллари ва толибларга қарши кучлар Покистонни афғонларнинг ички ишларига аралашувида ва «Толибон»ни қўллаб-қувватлашда айблашни давом эттирди. 7 сентябрь куни толиблар эълон қилган Муваққат ҳукумат Покистон разведкаси (ISI) босими остида шакллангани тўғрисида маълумотлар пайдо бўлди.

*Ташкилот РФ ва бир қатор давлатлар томонидан террорчи деб тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ