Хорижда вафот этган 323 нафар фуқаронинг жасади Ўзбекистонга олиб келинди. Бу ҳақда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги қошидаги Ташқи меҳнат миграцияси агентли хабар беради.
Инсон жасадини Россиядан Ўзбекистонга олиб келиш қимматга тушадиган хизмат ҳисобланади. Шу сабаб президент қарори билан 2018 йили Меҳнат вазирлиги ҳузурида меҳнат мигрантларига кўмак берувчи, $26 млн маблағга эга жамғарма тузилди. Унинг асосий вазифаларидан бири — хорижда вафот этган юртдошларнинг жасадларини ёқи меҳнат фаолияти давомида оғир тан жароҳати олган ўзбекистонликларни ватанга қайтариш ҳисобланади.
2019 йилдан бошлаб жасадларни етказиб келиш ҳаражатларини ҳукумат тўлиқ ўз зиммасига олди.
Бундан ташқари, 2021 йил бошидан шу кунга қадар 271 нафар хорижда қийин аҳволда қолган фуқаролар қайтарилган. Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан чет элда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган 7 минг 25 нафар меҳнат мигрантига ҳуқуқий ёрдам, 262 минг 161 нафарига маслаҳат хизматлари, 4 минг 853 нафарига ижтимоий ёрдам, 8 минг 268 нафарига моддий ёрдам кўрсатилган, 4 минг 150 нафар меҳнат мигрантига бир марталик моддий ёрдам ажратилган.
Агентлик томонидан меҳнат мигрантларининг иш берувчилар томонидан тўланмай турган қарийб 692,7 минг АҚШ доллари миқдоридаги иш ҳақи ва пуллик компенсациялари ундириб берилди. 556 нафар ўзбекистонликка 1,5 млрд сўм ($143 минг) миқдорида микрокредитлар берилди.