Эрмитажда қамалдаги Ленинградда Навоий юбилейи нишонланганининг 80 йиллигига бағишланган тадбир ўтказилади

Эрмитаж биноси. Hermitagemuseum.org сайти фотосурати

«Ўзбекистон маданий мероси» V Халқаро конгрессида Эрмитаж раҳбарияти қамалдаги Ленинградда Алишер Навоий юбилейи ўтказилганлигининг 80 йиллигини нишонлашни таклиф этди. Ташаббус Эрмитаж директори Михаил Пиотриковский табрик мактубидан ўрин олган.

Маълумки, Алишер Навоий 1441 йил 9 февралда таваллуд топган. Буюк шоирнинг 500 йиллик юбилейи 1941 йил Иккинчи жаҳон уруши пайти қамалда қолган Ленинград шаҳрида нишонланади. Уруш даврида Навоий юбилейини ўтказиш илмий жасорат ҳисобланади. Қамалда қолган, одамлари очлик ва совуқдан тинкаси қуриган, трамвайлар тўхтаган шаҳарда бомбалар садоси остида 15 аср ўзбек мутафаккири шеърлари янграйди, илмий маърузалар тингланади.

Ўша пайтлар Навоийга бағишланган шеърхонлик Эрмитажнинг Мактаб кабинетида ўтказилган. Иштирокчилар орасида туркий адабиёт намоёндалари таржимони, туркшунос олим Николай Лебедев ҳам бор бўлган. У оғир бетоб бўлгани боис, дўстлари уни қўлларида қўтариб келтирганлар. Борис Пиотровскийга кўра, «у деярли ярим тирик ҳолда нутқ сўзлайди, шоирнинг кўплаб шеърларини ўқимоқчи бўлади, лекин саломатлиги туфайли уни бундан қайтаришади. Иккинчи мажлисдан сўнг, 12 декабрь куни таржимон ётиб қолади. У бомбадан сақланувчи хонасида охиста ҳаётдан кўз юмиб бораркан ўз таржималари ва шеърларни кўрсатиб, бўлажак режалари билан ўртоқлашади».

Конференция сўнггида ленинградлик шарқшунос олимлар «Алишер Навоий» деб номланган мақолалар тўпламини тузадилар, лекин қамал шароитида уни китоб ҳолида нашр қилолмайдилар. Китоб 1946 йили дунё юзини кўради ва буюк Навоий ижоди ва ҳаётига бағишланган энг нодир асарлардан бирига айланади.

Буюк ўзбек шоирининг Эрмитажда ўтказилган юбилейининг 80 йиллигига бағишланган тадбир шу йил 10 декабрда нишонланади.

***

2021 йил 13 дан 21 сентябрга қадар Ўзбекистонда Маданий мерос ҳафталиги ўтказилади. У Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан БМТ Бош ассамлеяси 75-сессиясида ташаббус қилинган ва ЮНЕСКО раҳбари Одри Аруле томонидан қўллаб-қувватланган «Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида» деб номланувчи форумга бағишланган. Ҳафталик доирасида кўплаб тадбирлар, жумладан Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича бунжаҳон жамиятининг V конгресси, ТЮРКСОЙ мамлакатлари маданият вазирларининг доимий кенгаши мажлиси, турли халқаро конференциялар, кўргазмалар ва тақдимотлар ўтказилади.

Тадбирлар ташкилий-молиявий томондан Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ва ERIELL нефтсервис компанияси томонидан қўллаб-қувватланади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ