4-11-сентябр кунлари Россия Федерациясининг Қозон шаҳрида бўлиб ўтган биринчи МДҲ ўйинларида Ўзбекистон делегацияси умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни қўлга киритди. Мусобақаларда спортчилар 23 та олтин, 32 та кумуш ва 36 та бронза, жами 91 та медал қўлга киритишга муваффақ бўлдилар.
Биринчи ўринни Россия спортчилари эгалладилар. Уларнинг ҳисобида — 114 та олтин, 42 та кумуш ва 59 та бронза медали бор. Учинчи ўрин қозоғистонлик спортчиларга насиб қилди. Улар 18 та олтин, 35 та кумуш ва 53 та бронза медали соҳиби бўлдилар.
Ўзбекистон делегацияси сафида 166 нафар спортчи (шу жумладан, 56 нафар қизлар) 15 та спорт тури бўйича қатнашди, деб хабар беради республика Миллий олимпия қўмитаси.
Ўзбек спортчилари бокс, эркин кураш ва юнон-рум кураши, белбоғли кураш, кореш, ўқ отиш, баскетбол, муай-тай, самбо, дзюдо, карате, бадиий гимнастика, футзал, бадминтон спорт турлари бўйича медалларни қўлга киритдилар.
Жами мусобақаларда Россия, Озарбайжон, Арманистон, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистондан 1100 дан ортиқ спортчилар иштирок этдилар.