«Ал-Қоида»* террорчи гуруҳининг етакчиси Айман аз-Завоҳирий Афғонистонда яширинган. Бу ҳақда АҚШ Марказий разведка бошқармасининг собиқ раҳбари Майкл Морелл (Michael Morell) CBS телеканалига берган интервьюсида маълум қилди. МРБ фикрига кўра, Афғонистонни эгаллаб олган «Толибон»* Завоҳирийга паноҳ берган.
«Бугунги кунда «Толибон» радикал ҳаракати «Ал-Қоида»га бошпана берган. Бу толибларнинг Завоҳирийга ғархўрлик қилаётганидан дарак беради», — дейди Морелл.
У АҚШ ҳарбийларининг шошилинч равишда Афғонистондан олиб чиқилиши ва толибларнинг ғалабаси бутун дунёдаги террорчиларни илҳомлантириб юборганини таъкидлади.
«Толиблар шундай демоқда: «Биз нафақат Қўшма Штатлари, балки дунёдаги энг қудратли иттифоқ — НАТО устидан ғалаба қозондик». Жиҳодчилар илҳомланибгина қолмай, Афғонистонга келиб жиҳодчилар марказининг бир бўлаги бўлишни истайдилар, деб ўйлайман. Ахир улар 11 сентябрдан (2001 йил) сўнг Афғонистонга ёйилиб кетгандилар. Энди улар яна Афғонистондан қўним топишга ҳаракат қиладилар. Бу Афғонистонни Ер куррасида бошқа жойларга нисбатан янада хавфли ҳудудга айлантириши мумкин», — деб ҳисоблайди Морелл.
МРБ собиқ раҳбарининг фикрига кўра, агар «Ал-Қоида» Афғонистондан паноҳ топса, у ҳолда гуруҳ атиги «12 ой ичида» оёққа туриб олиши мумкин.
«Мени «Ал Қоида»нинг Афғонистонда, ИШИД*нинг Ироқ ва Сурияда бўлиши хавотирга солади. Чунки террорчилар ғалабасининг муҳим омили — уларнинг хавфсиз бошпанага эга бўлишидадир. Эндиликда «Толибон» паноҳ бўларкан, террорчиларга Афғонистондан бўлак хавфсиз макон топиш амри маҳолдир», — дейди у.
АҚШ ҳарбийлари 2011 йили Покистонда «Ал-Қоида» етакчиси Усама бен Ладенни ўлдирганларидан сўнг, мисрлик аз Завоҳирий гуруҳга бош бўлди. 2020 йил сўнггида узоқ вақт бедарак йўқолган Завахирийнинг ўлгани тўғрисида тахминлар пайдо бўлди. Бироқ, Нью-Йоркдаги 11 сентябрь воқеаларининг 20 йиллиги арафасида интернет-ресурсларда «Ал-Қоида» раҳбари мурожаатини тарқалди. Мурожатда аз Завоҳирий гуруҳнинг Суриядаги ҳужумларини олқишлаб, Қуддус ҳеч қачон яҳудийларнинг шаҳри бўлмаслигини айтиб ўтган. Шунингдек, аз Завоҳирий Афғонистонни чет эл қўшинлари тарк этганини эслаб ўтган, лекин мамлакатни «Толибон» эгаллаб олганини тилга олмаган. Бу видео тарқалишидан анча олдин ёзиб олинганидан дарак беради.
*РФ ва кўпгина давлатларда террорчи деб тан олинган ва тақиқланган ташкилотлар (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).