9 сентябрь куни Ўзбекистон Либерал-демократик партияси қурултойида Шавкат Мирзиёев президентликка номзод этиб тасдиқланди. Шундай қилиб партияларнинг президентликка номзодларини тасдиқлаш жараёни якунланди.
26 август куни «Миллий тикланиш» демократик партияси биринчилардан бўлиб ўз номзодини илгари сурди. Партия етакчиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Алишер Қодиров Президент сайловида иштирок этадиган бўлди.
Ўзбекистон Экологик партияси томонидан президентлик сайловларида Нарзулла Обломуродов, «Адолат» социал-демократик партиясидан Баҳром Абдуҳалимов номзодлари эълон қилинганди.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси қурултойида Президент сайловига партия раисининг ўринбосари Мақсуда Ворисованинг номзоди илгари сурилди.
Ўзбекистон президенти сайлови шу йилнинг 24 октябрига белгиланган. «Миллий тикланиш» ва Экопартия ўз номзодларига доир ҳужжатлар ва имзолар рўйхатини Марказий сайлов комиссиясига тақдим этишди. Қонунга кўра, партиялар сайловчиларнинг умумий сонига нисбатан бир фоизга кам бўлмаган миқдорда имзолар йиғиши керак. Ўзбекистонда 21,2 млн одам овоз бериш ҳуқуқига эга. Шундай қилиб, партиялар ўз номзодлари учун 212 мингдан кам бўлмаган миқдорда имзолар тўплаши зарур.