Ўзбекистон Афғонистон муваққат ҳукумати билан ҳамкорлик қилишга тайёр эканини маълум қилди

Ўзбекистон ТИВ сайти иллюстрацияси

Ўзбекистон Афғонистонда муваққат ҳукумат тузилганини олқишлайди ва Афғонистоннинг янги давлат идоралари билан конструктив мулоқот ва амалий ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга тайёрлигини билдиради. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг бу борада баёноти ташкилот сайтида эълон қилинди.

«Умид қиламизки, мазкур қарор мамлакатда кенг кўламли миллий келишувга эришилиши ҳамда мустаҳкам тинчлик ва барқарорлик ўрнатилиши томон илк қадам бўлиб қолади», —дейилади ТИВ баёнотида.

Эслатиб ўтамиз, «Толибон»* радикал ҳаракати 7 сентябрь куни Афғонистон муваққат ҳукумати таркибини эълон қилди. Унга деярли ҳаракат аъзолари киритилган.

Ҳукуматни мулла Муҳаммад Ҳасан Охун бошқаради. Унинг биринчи ўринбосари этиб Абдул Ғани Бародар, иккинчи ўринбосари этиб Адул Салом Ҳанафи тайинланган.

«Толибон»га мухолифатда бўлган афғон сиёсатчилари янги ҳукуматни танқид қилиб чиқди. Афғонистоннинг БМТдаги доимий вакили Ғулом Исоқзай Бош ассамблея мажлисида «Толибон» ҳаракати Афғонистондаги қонуний ҳукуматни ағдариб, ҳокимият тепасига зулм орқали келгани, «Ислом Амирлиги» деб номланган ҳукуматни ўрнатмоқчи эканини таъкидлади. Италия Ташқи ишлар вазири Луижи Ди Майо Афғонистон муваққат ҳукумати таркибини «жаҳон ҳамжамияти учун ёмон сигнал» деб атади.

*Ташкилот Россия ва бир қатор давлатларда террорчи сифатида тан олинган ва тақиқланган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ