Тадбиркорлар солиққа оид экспериментга жалб қилинади

ДСҚ матбуот хизмати фотосурати

2022 йил январь – июль ойларида эксперимент тариқасида Ўзбекистонда давлат солиқ бошқармасида ҳисобда турган солиқ тўловчиларнинг қўшилган қиймат солиғи, акциз солиғи, айланмадан олинадиган солиқ ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғи бўйича солиқ ҳисоботлари солиқ органлари томонидан ҳисоблаб чиқарилади ва шакллантирилади. Тажрибага илк бор Хоразм давлат солиқ бошқармаси ҳисобида турган тадбиркорлар жалб қилинади. Ўзбекистон президентининг 7 сентябрь куни имзолаган фармонида мана шу ҳақда гап боради.

Солиқ органлари томонидан шакллантирилган солиқ ҳисоботи солиқ тўловчилар учун белгиланган тегишли солиқ ҳисоботини тақдим этиш муддатидан камида 10 кун олдин солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали юборилади. Солиқ тўловчи солиқ органлари томонидан шакллантирилган солиқ ҳисоботини олган кундан бошлаб 5 кун ичида уни тасдиқлайди ёки, агар эътирозлари мавжуд бўлса, уни рад этган ҳолда, солиқ ҳисоботини қайта ишлайди ва ўрнатилган тартибда солиқ органларига тақдим этади.

2022 йил 1 августга қадар эксперимент натижаларини чуқур таҳлил қилган ҳолда республиканинг барча ҳудудларидаги солиқ тўловчиларга нисбатан татбиқ этилади.

Шунингдек, фармонда 2022 йил 1 январдан бошлаб камерал солиқ текшируви натижалари бўйича аниқланган ҳуқуқбузарликлар учун молиявий санкциялар қўлланилмаслиги кўрсатилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ