Афғонистоннинг БМТдаги доимий вакили толибларнинг янги ҳукуматини тан олмасликка чақирди

Афғонистоннинг янги Бош вазири Муҳаммад Ҳасан Охун (ўртада). Facebookдаги. Pajhwok Afghan News саҳифаси фотосурати

«Толибон»* ҳаракати эълон қилган Афғонистон вазирлар маҳкамасини «ҳар қандай аташ мумкин, лекин у инклюзив ҳукумат эмас». Афғонистоннинг БМТдаги доимий вакили Ғулом Исоқзай (Ghulam Isaczai) Бош ассамблея мажлисида мана шу ҳақда сўзлади. У барчани «толибларнинг репрессив режимини» тан олмасликка чақирди.

Афғон вакили «Толибон» ҳаракати Афғонистондаги қонуний сайланган ҳукуматни ағдаргани, ҳокимият тепасига зулм орқали келиб, «Ислом Амирлиги» деб ном олмиш ўз ҳукуматини ўрнатмоқчи эканини таъкидлади.

«Улар ҳануз сиёсатларига қарши бўлганларга нисбатан урушни маъқул кўрадилар, наинки биз Панжшер халқига зулм ўтказилаётганига ва Афғонистондаги аёлларнинг тинч намойишлари куч билан тарқатилаётганига гувоҳ бўляпмиз. [...]

Биз БМТга аъзо барча мамлакатларни Ислом Амирлигини тан олмасликка, толиблардан халқаро гуманитар ва инсон ҳуқуқларига бўйсунишни, аёл ва қизларга нисбатан ҳурматда бўлишни талаб этишга чақирамиз», — деди Исоқзай.

У «афғон халқи, айниқса ёшлар эркин ва демократик Афғонистонни ҳис қилганлари ва эндиликда аёллар ва кам сонли халқлар ҳуқуқларини инкор қилувчи бошқарувни тан олмасликлари»ни қўшимча қилди. Исоқзай «Толибон» Афғонистонда инклюзив ҳукумат барпо этилгандагина ҳақиқий тинчлик ўрнатилиши мумкинлигини англаб етиши кераклигини айтди.

Толиблар 7 сентябрь куни Афғонистон муваққат ҳукумати таркибини эълон қилдилар. Унга фақат радикал ҳаракат аъзоларигина киритилган ва уларнинг барчаси диний мулозимлардир. Ҳукумат таркибига пуштун этносига мансуб бўлмаган инсонлар, шунингдек аёллар киритилмаган. Бош вазир этиб Ҳасан Охун, унинг ўринбосарлари этиб Абдул Ғани Бародар ва Абдул Салом Ҳанафи тайинланган.

Кейинчалик Исоқзай ўзининг Twitterдаги саҳифасида янги тузилган Вазирлар маҳкамасининг 33 нафар аъзосидан 17 таси БМТ санкциялар рўйхатида туришини, бунга Бош вазир, унинг икки ўринбосари, ИИВ бошлиғи, Мудофаа вазири ва Ташқи ишлар вазири киришини ёзган.

Толиблар тузган янги ҳукумат АҚШва бир қатор давлатларни хавотирга солди. «Биз [толиблар] эълон қилган рўйхат [ҳукумат аъзолари] фақат «Толибон» ҳаракати иштирокчилари ва уларнинг сафдошларидан иборат экани ва бу рўйхатга бирорта аёл киши киритилмаганига урғу берамиз. Шунингдек, биз ушбу рўйхатдаги айрим шахсларнинг кўрсатган хизматларидан хавотирдамиз», — деди АҚШ Давлат департаментининг расмий вакили Нед Прайс.

Италия Ташқи ишлар вазири Луижи Ди Майо Афғонистон муваққат ҳукумати таркибини «жаҳон ҳамжамияти учун ёмон сигнал» деб атади. «Террорчилар рўйхатидан ўрин олган Бош вазир ва ФҚБ (АҚШ Федерал қидирув бюроси) томонидан қидирувда бўлган Ички ишлар вазири томонидан ҳукуматнинг ташкил этилиши халқаро ҳамжамият учун жума ёмон сигналдир», — деди у.

Панжшерда ташкил топган Афғонистон миллий қаршилик фронти (МҚФ) толибларнинг муваққат ҳукуматини ноқонуний ва «ҳаракатнинг афғон халқига нисбатан душманларча муносабатда эканига мисолдир» дея ҳисоблайди.

Мамлакатда иккинчи йирик сиёсий партия бўлмиш «Афғонистон ислом жамияти» (Jamiat-e Islami Afghanistan) раҳбари Салоҳиддин Раббоний «Афғонистон халқи куч билан иқрорга келган режимга ҳеч қачон тоқат қилмаслиги ва ҳозирда мавжуд салбий ҳолатни ўзгартириш учун кураши мақаррар экани»ни маълум қилди. Раббоний битта этник гуруҳдан иборат ҳукумат узоқ яшамаслигини айтди. Шу билан бирга, у халқаро ҳамжамиятни «афғон жамиятидаги барча этник гуруҳлардан ташкил топмаган янги ҳукуматни тан олишга шошилмасликка» чақирди.

· «Толибон» ҳаракати РФ ва бир қатор давлатларда террорчи ташкилот деб тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ