Ўзбекистонда диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди. Қатъий ва ўзгармас ушбу конституциявий тамойилдан ҳеч қачон воз кечилмайди. Шахсларга диний қарашларни мажбурий сингдиришга қаратилган ҳар қандай хатти-ҳаракат, тарғибот-ташвиқот жавобгарликни келтириб чиқаради. Ўзбекистон Адлия вазирлигининг сайтидаги хабарда мана шу ҳақда сўз юритилади.
Мамлакат Конституциясининг 31-моддасига кўра, ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эгадир. Бироқ, «кузатувлар шуни кўрсатяптики, ахлоқий-диний нуқтаи назарларни ҳуқуқий муносабатлар предметига айлантиришга уриниш, миллий қадриятларимизга зид, инсонларнинг шахсий ҳуқуқларини топтовчи ва чекловчи ахборот ташвиқотлари олиб бориш ҳолатлари аниқланди», — деб хабар беради Адлия вазирлиги.
Жумладан, қуйидаги ҳолатлар аниқланган:
- аёлларнинг машина ҳайдашига субъектив баҳо бериш,
- уларнинг машғулот турини эркин танлаш ҳуқуқини чеклаш,
- айрим турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолиятини тўхтатиш,
- айрим жаҳон дурдоналари саналадиган санъат асарларини сотиш (фойдаланиш)ни чеклаш,
- бошқа диний қарашларга ишончсизлик уйғотиш, ҳеч қайси динга эътиқод қилмайдиганларга нисбатан нафрат уйғотиш, Ўзбекистондаги дунёвийлик принципига монанд қонунлар билан ўрнатилган қоидаларни шубҳа остига олиш,
«Айниқса, жамиятнинг муайян қатлами бошқаларнинг қарашлари, хатти-ҳаракатлари, турмуш-тарзига фақат битта ўлчам – ўзларининг ахлоқий-диний қарашлари мезони билан баҳо беришига тоқат қилиб бўлмайди», — дейилади Адлия вазирлиги томонидан. Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 12-моддасида ҳеч кимнинг шахсий ҳаётига ўзбошимчалик билан аралашиш мумкин эмаслиги аниқ белгилаб қўйилган.
«Инсонлар хулқ-атворига ва юриш-туришига алоҳида шахсларнинг ахлоқий-диний қарашлари ёки ўлчовлари билан эмас, балки амалдаги қонунчилик талаблари нуқтаи назаридан баҳо берилиши лозим. Яъни фуқаролар қонунларга риоя қилар экан, ўз ҳаёт тарзини эркин ва аралашувларсиз танлаши мумкиндир ва бу энг муҳим конституцион ҳуқуқлардан бири», — дея тушунтириш беради вазирлик .
Адлия вазирлиги «Ўзбекистон халқи бундан 30 йил олдин ўзининг тараққиёт йўлини танлаб олган – у дунёвийликка асосланган инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо этишни кўзлайди. Ушбу ҳақиқатни шубҳа остига олишга, мутаассиб ғояларни тарғибот қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ», — дея эслатиб ўтади.