Ўзбекистон ҳукумати 2022-2026 йилларда фармацевтика тармоғида $1,25 млрд. миқдорида 104 та инвестиция лойиҳасини амалга оширишни режалаштирган. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар беради. Шавкат Мирзиёев 6 сентябрь куни фармацевтика тармоғида амалга оширилган ишлар ҳамда истиқболдаги лойиҳалар тақдимоти билан танишган.
Келгуси беш йилда тармоқда ишлаб чиқариш ҳажмини 3 баробар ошириш, ички бозорни таъминлаш даражасини натурал ҳажмда 80 фоизга етказиш вазифаси қўйилган. Шу мақсадда 2022-2026 йилларга мўлжалланган истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқилган. Жами 1,25 миллиард долларлик 104 та инвестиция лойиҳаси режалаштирилган. Уларнинг натижасида 376 миллион долларлик импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар тайёрланиб, 84 миллион долларлик экспорт қуввати яратилиши ҳисоб-китоб қилинган. Энг муҳими, 9 мингга яқин киши иш билан таъминланади.
Тақдимотда маҳаллий доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Мамлакат ҳудудида 750 турдаги доривор гиёҳлар ўсади. Лекин улардан фақатгина 70 таси маҳаллий корхоналар томонидан фаол ишлатилмоқда.
Президент республикадаги доривор ўсимликларни чуқур қайта ишлаш орқали экспортни 15 миллион долларга етказиш ва 5 мингдан ортиқ аҳолини иш билан таъминлаш мумкинлигини таъкидлади. Шавкат Мирзиёев мутасаддиларга шу йўналишдаги кластерлар фаолиятини йўлга қўйиб, ишлаб чиқаришни кенгайтириш бўйича кўрсатмалар берди.
Тақдимотда биофармацевтик дори воситаларини ўзлаштириш истиқболлари ҳам муҳокама қилинди. Ўзбекистондаги корхоналарда 3 мингдан ортиқ номдаги дори воситалари ишлаб чиқарилаётган бўлса-да, улар асосан бир компонентли, мураккаб бўлмаган дори воситаларидир. Шу боис Президент онкологик, гормонал, қон препаратлари, вакциналар каби инновацион биотехнологик дори воситалари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича кўрсатмалар берди.
Соҳадаги яна бир йирик лойиҳа – “Tashkent Pharma Park” инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластеридир. Давлат раҳбарининг 2020 йил 28 январдаги қарорига мувофиқ ташкил этилган ушбу замонавий марказ Тошкент вилоятининг Зангиота туманида барпо этилмоқда. Хусусан, фармацевтика университети, фармакопея маркази, илмий-тадқиқот маркази, экспертиза маркази, лабораториялар, виварий ва илмий-тажриба ишлаб чиқариш биноси қурилмоқда.
Ўзбекистон президентининг 2017 йил 3 майдаги фармонига мувофиқ, Нукус, Зомин, Косонсой, Сирдарё, Бойсун, Бўстонлиқ ва Паркентда фармацевтикага ихтисослашган эркин иқтисодий зоналар ташкил этилган эди. Натижада сўнгги беш йилда 71 та янги корхона ташкил этилиб, 2 минг 500 дан ортиқ турдаги дори воситалари, 241 турдаги тиббий буюмлар ва 78 турдаги тиббий техника ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми қарийб 2 баробарга ошди.



