Тошкентда Токио Паралимпия ўйинлари медалистларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Маросим 6 сентябрь куни эрталаб спортчиларнинг Тошкентга келишидан сўнг бошланди. Тошкент халқаро аэропортида ўзбекистонлик спортчилар тантанали кутиб олинди ва улар «Янги Ўзбекистон» боғига ташриф буюрдилар. У ерда Бош вазир Абдулла Арипов ва Қонунчилик палатаси спикери Нурдинжон Исмоилов спортчиларга совғалар топширдилар, деб хабар беради Kun.uz.
Олтин медаль соҳибларига 200 минг доллар, 3 хонали уй ва Tahoe автомобили; кумуш медаль совриндорларига 100 минг доллар, 2 хонали уй ва Traverse автомобили; бронза медаль эгаларига 50 минг доллар, 2 хонали уй ва Trailblazer автомобили топширилди. Иккита медалга (кумуш ва бронза) эга чиққан Нурхон Қурбоновага кумуш медали учун кўзда тутилган мукофотлар берилди. Шундан сўнг спортчилар ва тадбир қатнашчилари учун машҳур хонандалар Юлдуз Усмонова ва Озодбек Назарбековлар қўшиқлар куйладилар.
Ўзбекистон Токио Паралимпиадасида 55 та йўлланма билан иштирок этди. Якунда жамоа 8 та олтин, 5 та кумуш ва 6 та бронза медалига сазовор бўлиб, умумжамоа ҳисобида 162 мамлакат орасида 16-ўринни, Марказий Осиёда биринчи ўринни эгаллади.