Тошкент чой маҳсулоти импорти бўйича етакчи ўринни эгаллади

Аbout-tea.ru сайти фотосурати

Тошкент шу йилнинг январидан июль ойига қадар 8,5 минг тонна чой маҳсулотини импорт қилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси хабар қилади.

Пойтахт чой импорти бўйича республика ҳудудлари ичида етакчилик қилмоқда. Иккинчи ўринни — Фарғона вилояти 3,9 минг тонна билан, учинчи ўринни — Наманган вилояти 3, 6 минг тонна билан эгаллаган.

Андижон вилоятига 796,6 тонна, Самарқандга — 252,9 тонна, Тошкент вилоятига — 239,7 тонна чой етказиб берилган. Навоий вилояти 28,5 тонна, Қорақалпоғистон – 15,7 тонна чой импорт қилган.

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, Ўзбекистон 2021 йилнинг январь-июль ойларида 20 та хорижий давлатдан қиймати 23,2 млн. АҚШ долларига тенг бўлган 17,3 минг тонна чой импорт қилган. Экспортёр давлатлар қаторига (хажмга қараб) – Кения, Эрон, Ҳиндистон, Индонезия, Шри-Ланка, Вьетнам, Россия ва БАА киради.

2016 йили Euromonitor International компанияси томонидан «Чойми ёки кофе? Қайси давлатларда қандай ичимликни яхши кўради» деган тадқиқот натижасига кўра, Ўзбекистон дунё бўйича чойхўрлар рейтингини бошқарган. Аниқланишича, Ўзбекистон аҳолисининг 99,6 фоизи чойни хуш кўраркан.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ