«Толибон»* радикал ҳакатининг Панжшерга қарши қурашида «хориж кучлари» ёрдам бермоқда. Миллий қаршилик фронти (МҚФ) етакчиси Аҳмад Маъсуд мана шундай баёнот берди. Маъсуднинг бунга доир аудиомурожаати Facebookдаги саҳифасида жойлаштирилган.
Унда собиқ дала қўмондони Аҳмад Шоҳ Маъсуднинг ўғли Панжшер водийсидаги асосий аҳоли пунктлари «Толибон» назоратига ўтгани билан қаршилик курашлари тугамаганини айтган.
Маъсуднинг сўзларига кўра, унинг айрим қариндошлари толибларга қарши курашда ҳалок бўлганлар ва оғир жароҳат олганлар. Шунингдек, кичик Маъсуд «сўнгги томчи қон қолгунча» радикал ҳаракатга қарши курашини айтиб, афғонларни «Толибон»га қарши миллий қўзғалишга чақирган.
Бундан ташқари, Аҳмад Маъсуд Twitter тармоғидаги саҳифасида суратлар чоп этган. Унинг сўзларига кўра, суратларда қаршилик кучлари томонидан уриб туширилган Покистон ҳарбий самолёти акс этган. Бироқ, аслида бу сурат 2018 йил апрель ойида талофатга учраган АҚШнинг F-16 самолётига таалуқлидир.
6 сентябрь куни эрталаб ижтимоий тармоқларда Панжшердаги жангларда покистон ҳарбий авиацияси қатнашгани тўғрисида кўплаб хабарлар пайдо бўлди ва ҳаттоки буни тасдиқлайдиган видео ҳам эълон қилинди. Бироқ, кейинчалик аниқланишича мазкур видеонинг Панжшер воқеаларига ҳеч қандай алоқаси йўқ.
Шунга қарамасдан, Эрон ҳукумати Панжшер водийсидаги жангларда Покистоннинг қўли борлигига оид суриштирув ишларини олиб бориш ташаббусини илгари сурди. Эрон Ташқи ишлар маҳкамасининг расмий вакили Саид Хатибзода толибларнинг МҚФга қарши жангларида покистон кучлари иштирок этганига доир маълумотларни текшириш зарурлигини маълум қилди. Бундан ташқари, у Панжшердаги вазият фақат музокаралар орқали ҳал этилиши мумкинлигини таъкидлади.
6 сентябрь куни «Толибон» Панжшер водийси қўлга киритилганини эълон қилди. Ҳаракат вакили Забиулла Мужоҳид бу билан Афғонистонда уруш тамом бўлганини айтди. Таъкидлаш жоиз, 3 сентябрда радикаллар Панжшерни босиб олганларини эълон қилгандилар, 16 августда пойтахт Қобул эгалланганидан сўнг толиблар Афғонистонда уруш энди туганини маълум қилгандилар.
* «Толибон» ҳаракати РФ ва бир қатор давлатларда террорчи ташкилот деб тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).