Бельгиянинг Eccholine компанияси Ўзбекистонда машҳур реалити-шоусини суратга ола бошлади. Бу ҳақда республика Туризм ва спорт вазирлиги хабар беради.
«Лойиҳа 15 йил давомида эфирга узатилиб, катта шуҳратга эришган.Реалити-шоу бир неча жамоалар пойгаси орқали муайян мамлакат маданиятини очиб беришга қаратилган ҳамда у миллионлаб француз томошабинларидан иборат аудитория томонидан катта қизиқиш билан кузатилади», — дейилади хабарда. Француз телевидениесида мазкур шоу намойиши 2022 йилга белгиланган.
Теледастурнинг номи очиқланмаган, бироқ у барча мезонлар бўйича Peking Express («Пекин экспресси») реалити-шоусига тўғри келади. Унинг иштирокчилар турли хил жуфтликдан – эр-хотин, дўстлар, қариндошлардан иборат бўлиши мумкин. Улар автостоп билан А пунктидан Б пунктига маҳаллий халқ тилини билмаган ҳолда етиб боришлари керак. Манзилга охирги етиб келган жуфтлик ўйиндан четлатилади.
Иштирокчиларга кунига фақат 1 евро сарф қилишга рухсат берилади. Йўлкира ва ётоқ учун ҳақ тўлаш тақиқланган. Ўйин иштирокчилари фақат ўзларининг коммуникатив салоҳияти ва маҳаллий халқ меҳмондўстлигига таяниши мумкин.
Мазкур ўйиннинг французча талқини М6 телеканали орқали 2006 йилдан бери намойиш этиб келинади. Ҳозирда телешоунинг 15-чи мавсуми суратга олинмоқда – иштирокчилар Қирғизистондан Дубайга етиб боришга ҳаракат қиладилар. Қирғизистонда суратга олиш ишлари 27 августдан 2 сентябрга қадар олиб борилди. Кейин 100 кишидан иборат шоу иштирокчилари Наманганга етиб келдилар. Ўзбекистонда суратга олиш ишлари 16 кун давом этади, лойиҳа Қўқондан Нукусгача бўлган шаҳарларни қамраб олган.
Ўзбекистон Туризм ва спорт вазирлигига кўра, лойиҳа туризм соҳасидаги тадбиркорларнинг даромадини ошириш имконини беради, чунки уни яратишга гидлар, туроператорлар, меҳмонхоналар ва ҳунармандлар жалб қилинган.