Мактаб ўқувчи қизларига рўмол ва дўппида бўлишга рухсат берилди

Facebookдаги вазирлик саҳифаси иллюстрация фотосурати

Ўзбекистон халқ таълими вазирлиги (ХТВ) мактаб ўқувчи қизларига рўмол ва дўппида мактабга боришларига рухсат берди. Рўмол оқ ва очиқ рангларда бўлиши керак. Вазирлик раҳбари Шерзод Шерматов бундай қарор кўпчилик ота-оналарнинг мурожаатлари асосида қабул қилинганини ва асосий мақсад — барча болаларга таълим бериш эканлигини таъкидлаган.

«Кўпчилик ота-оналарнинг мурожаатларини инобатга олиб Ўзбекистон мактабларида қизларга истисно тариқасида оқ ва очиқ ранглардаги миллий рўмолда ва дўппида бўлишга рухсат берилди», — дея «Газета.uz» ХТВ раҳбари сўзларини келтиради .

«Майли, агар болаларимиз миллий оқ рўмол ўрайдиган бўлса, «ўзбекча» қилиб ўрасин. Кўйлагини ҳам, агар керак бўлса, ёқасини сал юқорироқ қилиб ёпиши мумкин бўлади. Шунда ҳақиқий миллий қадриятларимиз нуқтаи назаридан бемалол қизларимизнинг келишига рухсат этиш мумкин. Биз дунёвий билимларни барчага беришимиз шарт. Шу нарсага шароит яратиб беришимиз керак», — дейди Шерзод Шерматов.

ХТВ қизлар рўмолни қандай ўраши кераклигини кўрсатган. Facebookдаги вазирлик саҳифаси видеосидан скриншот

Шунингдек, вазир бу истисно эканлигини таъкидлаб, «эртага ҳамма фақат шунақа келиши керак, ҳамма бемалол юрган қизимизни ҳам, «йўқ, сен рўмол ўрашинг керак», деб мажбурлаш ноўрин» эканига урғу беради.

«Душанба куни байрам, байрам бўладиган бўлса, ҳаммани киритасизлар. Тушунтирадиган ишлар бўлса, кейин тушунтирасизлар. Эшикни тагидан нотўғри талқинга олиб келиши мумкин бўлган ишлар қилманглар, илтимос. Мактабни бировга зарар келтирадиган образда шакллантиришимиз керак эмас», — деган Шерзод Шерматов.

2018 йил 15 августда Ўзбекистон ҳукумати давлат таълим муассасаларида ягона мактаб формасини жорий этиш бўйича қарор қабул қилганди. Ҳужжатда 2019−2020 ўқув йилидан бошлаб мажбурий ягона мактаб формасини жорий этиш режалаштирилган эди, лекин кейинчалик бу муддат 2024−2025 ўқув йилига қолдирилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ