Толиблар Афғонистонда сўнгги вилоятни қўлга киритганларини маълум қилдилар

Панжшер водийси. Twitter тармоғи фотосурати

«Толибон»* радикал ҳаракати жангарилари кейинги кунлар Миллий қаршилик фронти (МҚФ) кучлари билан олиб борган жанглар натижасида Панжшер вилоятини қўлга киритдилар. Бу ҳақда «Ал-Жазира» телеканали ҳаракатнинг матбуот коти Забиулла Мужоҳидга таяниб хабар беради.

Телеканал 6 сентяюрь куни ижтимой тармоқларда толибларнинг Панжшер губернатори қароргоҳи олдида тушган суратлари тарқалганини маълум қилади.

МҚФ 5 дан 6 сентябрга ўтар кечаси толиблар билан жангларда катта талофатлар кўрганини таъкидлаб, сулҳ тузиш учун ўқ отишни тўхтатишни таклиф этган. Қаршилик кучлари сулҳ тузишдан олдин водийдан радикал жангариларини тўлиқ чиқиб кетишини талаб қилган.

5 сентябрда қурбон бўлганлар орасида қаршилик кучлари матбуот котиби Фаҳим Дашти ҳам бор. У муқаддам толибларга қарши курашган тожик дала қўмондони Аҳмад Шоҳ Маъсуднинг яқин ўртоғи бўлган. Айрим тахминларга кўра, Дашти учувчисиз аппарат ҳужумидан ҳалок бўлган.

Панжшердаги «Толибон» жангарилари. Twitter тармоғи фотосурати

Ижтимоий тармоқларда толибларнинг Панжшерни босиб олишига Покистоннинг авиация ёрдами сабаб бўлгани тўғрисида хабарлар тарқалган. Покистоннинг учувчисиз аппаратлари МҚФ кучларига қарши ҳаводан туриб ракета зарбаларини берган. Ҳозирда Покистон разведкаси (ISI) бошлиғи Фаиз Ҳамид Қобулда бўлиб турибди. Бундан аввали толиблар ҳеч бир давлатга, ҳаттоки Покистонга ҳам мамлакатнинг ички ишларига аралашувига изн бермасликларини қайд этгандилар.

МҚФ Twitterдаги саҳифасида «Толибон»нинг Панжшерни назоратга олгани тўғрисидаги ахборотни инкор этади. Хабарда қаршилик кучлари минтақадаги «стратегик нуқталар»ни ўз қўлида ушлаб тургани айтилади.

Миллий қаршилик фронти кичик Аҳмад Маъсуд бошчилигидаги афғон тожиклари ва Панжшер водийсига чекинган афғон армияси аскарларидан иборат.

Толиблар Қобулни эгаллаб олганларидан сўнг МҚФ узоқ вақт Афғонистоннинг бўлажак ҳукумати борасида музокаралар олиб борди. Бироқ, икки ҳафталик музокаралар бирор натижа бермади ва толиблар Панжшерни қамал қилишга урина бошладилар. 3 сентябрь куни толиблар водийни ўз назоратига олганларини маълум қилдилар. Бироқ, бу хабар ҳақиқатдан йироқ бўлиб, шиддатли жанглар давом этаётганди.

Панжшер водийсида асосан этник тожиклар истиқомат қиладилар. Бу минтақа 1980 йиллари совет қўшинларига, 1990 йиллар сўнггида толибларга қарши партизан курашлар олиб борилгани билан машҳур.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва бир қатор давлатларда террорчи ташкилот деб тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ