10 сентябрдан Ўзбекистон ҳукумати чет эл фуқароларининг мамлакатда яшаш муддати тугагандан сўнг ҳам бир муддат қолишга имкон берадиган имтиёзни бекор қилади. Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар вақтинча регистрациясини узайтиришлари лозим. Кимнинг яшаш муддати тугаган бўлса, у Ўзбекистон ҳудудини тарк этиши керак. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармасининг бўлим бошлиғи Санжар Қосимов ҳукуматнинг 30 августдаги қарорига таяниб хабар берди.
Чет эл фуқароларини Ўзбекистонда яшаш муддати тугагандан кейин қолишга имкон берадиган тартиб 2020 йил сентябрда коронавирус пандемияси ва карантин чекловлари сабаб жорий этилганди.
Шунда ҳукумат «Хорижий фуқароларнинг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикасига келишлари, кетишлари, бу ерда бўлишлари ва транзит ўтишлари тартиби тўғрисида»ги қарорга 6.5 пунктни киритган эди. Унда алоҳида ҳолларда, эпидемия (пандемия) муносабати билан карантин жорий этилган ҳудудда вақтинча бўлиш муддати тугаган хорижий фуқароларга, шунингдек, уларни қабул қилган уй-жой эгалари ва мансабдор шахсларга нисбатан карантин муддати тугагунга қадар ҳудудда бўлиш қоидаларини бузганлик учун маъмурий чоралар қўлланилмайди, дейилган.
Карантин муддати тугаганидан сўнг Ўзбекистон Республикасига маълум муддатга визасиз, электрон ва туристик виза билан келган хорижий фуқаролар 30 сутка ичида «чиқиш» (EXIT) визасини расмийлаштирмасдан республика ҳудудидан чиқиб кетишлари лозим. Ўзбекистон Республикаси билан визасиз режим жорий этилган хорижий давлатлар фуқаролари ҳамда виза асосида яшаётган хорижий фуқаролар карантин муддати тугагач, белгиланган тартибда уч иш куни ичида ҳудудий ички ишлар органларига тегишли ҳудудда вақтинчалик бўлиш муддатини узайтириш масаласида уларни таклиф қилган (қабул қиладиган) жисмоний ва юридик шахслар орқали мурожаат қилишлари мумкин. Бўлиш муддати карантин муддати тугаган кундан бошлаб узайтирилади.
30 августдаги Ҳукумат қарори билан 6.5 пункти ўз кучини йўқотади.
Хорижий фуқароларнинг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистонда бўлишига доир тартибнинг 22-пунктига кўра, чет эл фуқаролари қонунни бузган ҳолатда бир йилдан уч йилгача қайтиб киритмаслик шарти билан мамлакатдан чиқариб юборилади. Ўзбекистон республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 225-моддасида тартибни бузган чет фуқаросига нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан йигирма бараваригача жарима солиниши кўзда тутилган (битта базавий ҳисоблаш миқдори — 245 минг сўмни ёки $23 ташкил этади).