Чапдан ўнгга: Бош вазир ўринбосари, Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, ИТБ президенти Муҳаммад Ал-Жассир . Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати
Ўзбекистон, Ислом тараққиёт банки (ИТБ) ва Саудия Арабистони Иқтисодий имкониятларни кенгайтириш жамғармасини тузиш бўйича келишувни имзолади. Жамғарма капитали $500 млн миқдорида бўлади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев ИТБнинг Тошкентдаги йиғилишида маълум қилди, деб хабар беради Ўзбекистон президентининг матбуот котиби Шерзод Асадов.
Президент Мирзиёев таъкидлаганидек, мазкур жамғарма ёшлар, аёллар ва қишлоқ аҳолисини тадбиркорликка жалб қилиш учун зарур шароитлар яратишга хизмат қилади. Шундай қилиб, бу янги тузилган жамғарма Ўзбекистон ҳукуматининг камбағалликни қисқартириш борасидаги саъй-ҳаракатларига хизмат қилади.
Президент ўз нутқида минтақадаги экологик мувозанатни сақлаш масаласига тўхталиб ўтди ва Оролбўйи минтақасида экологик инновациялар ва технологиялар ҳудудини ташкил этиш жараёнида Банкнинг кўмагига умид билдирди.
Маълумки, бугун дунё мамлакатлари иқлим ўзгариши, йирик миграцион жараёнлар, табиий ресурслар ва озиқ-овқат етишмовчилиги каби синовларга дуч келмоқда. Шундан келиб чиқиб Шавкат Мирзиёев «Ғарбий Африкадан Шарқий Осиёгача яшил йўлак» номли савдо-иқтисодий маконни шакллантириш ташаббусини илгари сурди. Унинг амалга оширилиши ўзаро савдо ва сармоявий алоқалар кенгайишига, мамлакатларнинг иқтисодий жиҳатдан бирлашиши ва барқарор ўсишига хизмат қилади.
Анжуманда халқаро ислом савдо-молия корпорацияси ҳамда Инвестициялар ва экспорт кредитларини суғурталаш ислом корпорацияси томонидан молиявий инструментларни кенгайтириш лозимлиги қайд этилди. Бу эркин савдони рағбатлантириш, инвестициявий хатарларни суғурталаш, транспорт ва логистика инфратузилмаларини ривожлантиришга ҳисса қўшади.
Ковиддан кейинги даврда аъзо мамлакатлар иқтисодиётлари ривожланишига инновацион тус бериш муҳимлиги таъкидланди. Жумладан, Ислом тараққиёт банкининг фан, технология ва инновациялар жамғармаси имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш, қишлоқ хўжалигига илғор ишланмаларни жорий қилиш орқали озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қайта тикланадиган энергия ва экологик технологияларни кенг қўллаш айниқса долзарбдир.
Ислом Тараққиёт Банки бошқарув кенгашининг 46-йиллик анжумани 1 — 4 сентябрь кунлари Тошкентда бўлиб ўтади. Юқори даражадаги ушбу форумда ИТБга аъзо мамлакатлар ҳукуматлари вакиллари, халқаро ташкилотлар раҳбарлари, ишбилармон доиралар ва нуфузли экспертлар, оммавий ахборот воситалари иштирок этмоқда. Онлайн ва оффлайн шаклдаги тадбирларда 4,5 минг нафарга яқин делегат қатнашмоқда.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2 сентябрь куни Ислом тараққиёт банки президенти Муҳаммад бин Сулаймон Ал-Жассирни қабул қилди. Учрашувда, жумладан 2025 йилгача бўлган иккитомонлама ҳамкорлик, Тошкент шаҳрида Банкнинг тўлақонли ваколатхонасини ишга тушириш масалалари муҳокама қилинди.
Ислом тараққиёт банки гуруҳи 1973 йил ташкил топган. Унинг бош қароргоҳи Саудия Арабистоннинг Жидда шаҳрида жойлашган. Бугунги кунда банкка 57 та давлат аъзо бўлиб, устав жамғармаси 150 миллиард долларга тенг.
Ўзбекистон Ислом тараққиёт банкига 2003 йилда аъзо бўлган. Бугунги кунга қадар жами 2,5 миллиард доллардан ортиқ бўлган 30 та йирик инвестиция лойиҳаси маъқулланган. Улар доирасида республикада мактаблар, арзон уй-жойлар, автомобиль йўллари, электр ва ичимлик суви тармоқлари қурилиб, соғлиқни сақлаш муассасалари замонавий жиҳозланган.



