Самарқанд халқаро аэропортига 30 август куни Украинанинг Bees Airline авиакомпаниясига қарашли самолёти келиб қўнди. Бу ҳақда «Новости Ташкентского Неба» («Тошкент осмони янгиликлари»)Telegram-канали хабар беради.
Ушбу ахборотни реал вақтда ҳаво кемалари ҳаракатини кузатиб борувчи Flightradar24.com сайти ҳам тасдиқлади. Мазкур ресурсга кўра, 7B-801 рейсини амалга оширган Bees Airline лайнери маҳаллий вақт билан саоат 21:59 да аэропортга келиб қўнган.
Киев – Самарқанд – Киев йўналиши бўйича парвозларни амалга оширишни Bees Airline 10 август куни эълон қилган. Хабарда парвоз Boeing 737-800 самолёти орқали ҳафтанинг душанба кунлари амалга оширилиши айтилган. Киевдан учиш вақти соат 15:35 да, Самарқандга қўниш соат 22:05 да. Самарқанддан учиш вақти соат 23:05 да, Киевга қўниш сешанба куни тунги соат 2:35 да бўлиши кўрсатилган.
Навбатдаги рейс 6 сентябрга режалаштирилган. Киев — Самарқанд маршрутининг ушбу санадаги авиачиптаси нархи $159, ортга қайтиш — $219 миқдорида белгиланган.
Бироқ, Ўзбекистон ҳукумати Bees Airlineнинг Самарқанд билан парвоз ўрнатилганига доир маълумотини инкор этди. Республика Транспорт вазирлиги ушбу авиакомпания томонидан Ўзбекистонга мунтазам рейслар амалга оширишга доир мурожаат келиб тушмаганини маълум қилди. Хорижий авиакомпаниялар чартер рейсларини амалга ошириш учун Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Фуқаро авиацияси агентлигидан махсус рухсатнома олишлари керак. Бироқ, «Ўзавиация» агентлиги Киев-Самарқанд-Киев йўналиши бўйича чартер рейсларни амалга ошириш бўйича мазкур авиакомпаниядан сўровнома олмаган.
Транспорт вазирлиги хориж авикомпанияларидан йўловчилар ҳуқуқлари ва ташувчилар мажбуриятига қаттиқ риоя этишларини сўрайди. Вазирлик Ўзбекистон ва Украина ҳукумати ўртасида фақат «Тошкент – Киев» йўналиши бўйича авиапарвозларга доир шартнома борлигини эслатиб ўтди. Ушбу йўналиш бўйича авиапарвозлар 2021 йил июндан октябрга қадар ҳафтанинг чоршанба кунлари Украинанинг SkyUp лоукостери томонидан амалга оширилади.
Украина ва Ўзбекистон ўртасида мунтазам парвозлар 2015 йили икки мамлакат авиаҳукумати ўртасидаги келишмовчиликлар сабаб тўхтатилган эди. Украина ўз бозорига авиакомпанияни киритмаслик учун Тошкент «Украиана халқаро авиалиниялари»га рухсат беришдан бош тортганини маълум қилганди. Ўзбекистон эса Украинани Россиянинг катта шаҳарларига транзит пассажирларни ташиётганликда айблаб, бундан «Ўзбекистон ҳаво йўллари» мижозларини йўқотаётгани таъкидлаганди.