Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятида «Янги Тошкент» лойиҳаси амалга оширилишини маълум қилди. «Кўпларингиз ўйлашларингиз мумкин, нима учун бу Тошкентдан узоқ жойда деб? Тошкентда энди қурилиш қилмаймиз, Тошкентни яшил ҳудудга айлантирамиз», — дея президент сўзларини келтиради «Газета.Uz» нашри.
Тошкент вилоятининг Қибрай туманида барпо этилган «Янги Ўзбекистон» боғининг очилиш маросимида иштирок этган президент энди қурилишлар Тошкент вилоятига ўтишини таъкидлади.
«Секин-секин Тошкентдан Тошкент вилоятига қараб кетяпмиз. Баҳаво жойларга қараб кетяпмиз. Биз секин-секин «Янги Тошкент»ни қурамиз. Лекин янги баҳаво жойда бўлади. Бу томонга қараб, мана шу одамларимизни ўргатиб, катта лойиҳа устида анчадан бери ишлаяпмиз», — деди давлат раҳбари.
Тошкент ва Ўзбекистоннинг кўпгина шаҳарлари кейинги пайтлар қурилиш майдонларига айланди. Улкан «Тошкент-Сити» лойиҳаси 2019 йили амалга оширилди. Бизнес марказлари ва турар-жой бинолари қурилишлари кўпинча жанжалларга сабаб бўлди, зеро у фуқароларнинг ўз уйларидан мажбурий кўчириш ишлари билан олиб борилган эди.
Президент «Янги Ўзбекистон» газетасига берган интервьюсида, жумладан, қурилиш борасидаги муаммоларга тўхталиб ўтди: «Кўпқаватли уйлар оралиғидаги бўш жойларда қурилишлар қилиш, мораторий эълон қилинганига қарамасдан, дарахтларни кесиш, яшил ҳудудларни камайтириш ҳолатлари кўпчиликни ранжитмоқда. Баъзи раҳбарларнинг бепарволиги ёки манфаатпарастлиги туфайли тураржой мавзеларида одамлар сайр қиладиган, спорт билан шуғулланадиган, фарзандлари билан бирга тоза ҳавода дам оладиган очиқ жойнинг ўзи қолмаяпти. Албатта, биз бундай ҳолатларга нисбатан қатъий чоралар кўрмасдан туролмаймиз. Шунинг учун ҳам Тошкентда ва бошқа йирик шаҳарларда янги қурилишларни шаҳар ташқарисидаги ҳудудларда амалга ошириш чоралари белгиланмоқда».