Мирзиёев ўтмишда қатағон қурбонлари бўлган шахсларни ёдга олди

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистонда 1920-1930 йиллари қатағонга учраган 115 нафар инсон аслида миллий истиқлол фидойилари бўлган. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 31 август куни Шаҳидлар хотираси хиёбонига ташриф буюрганда шу ҳақда гапириб ўтди.

«Орадан қарийб юз йил ўтиб адолат қарор топди. Миллий истиқлолимиз учун кураш олиб борган, лекин реабилитация қилинмай қолган 115 нафар бобомизнинг пок номлари оқланди. Ҳали бундайлар қанча? Ватанпарвар инсонларнинг шаънини тиклашга қаратилган эзгу ишларни давом эттириш керак», — дея Мирзиёев сўзларини келтиради матбуот хизмати.

Эслатиб ўтамиз, 25 августда Ўзбекистон Олий суди «босмачилар етакчиси» деб ном олган Ибраҳимбек қўрбоши, Туркистон автономияси маориф вазири Носирхон тўра ва бир қатор қатағонга учраган шахсларни оқлаш тўғрисида қарор қабул қилди.

«Қатағон қурбонлари хотираси» музейига ташриф буюрган давлат раҳбари, жумладан, шундай деди: «Кўриниб турибдики, катта салоҳиятга эга етакчилар, олимлар, адиблар, шифокорлар, ўқитувчилар қатағон қилинган. Улар халқимизнинг энг сара вакиллари эди. Мустабид тузумга миллат кўзини очадиган, унга ўзлигини танитадиган зиёли инсонлар керак эмас эди. Уларнинг айби — буюк бўлгани».

Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда қатағон қурбонларига бағишланган музейлар ташкил этилди. Уларда расмий материаллар билан бирга оилавий архивларда сақланиб қолган кўплаб тарихий ҳужжатлар, ноёб суратлар тўпланмоқда. Бу маълумотлар асосида кўп жилдлик “Қатағон қурбонлари” китоби нашрга тайёрланаяпти. Президент бундай катта, илмий асарлар билан бирга мактаб ўқувчилари учун содда тилда, кичик-кичик китоблар чиқариш зарурлигини таъкидлади

Давлат раҳбари тарихни ўрганиш ва ўргатиш вазифалари ҳақида гапирди.

- Биз шу вақтгача тарихнинг ўзимизга ёққан жойларини олиб, ёқмаган томонини яшириб ўтдик. Бировга ёқадими-ёқмайдими, ғуруримизми-армонимизми, муваффақиятми ё хиёнатми — ҳаммасини ҳаққоний ёзиш керак, — дея таъкидлади Президент.

Бундан олдин Мирзиёев Мустақилликнинг 30 йиллиги муносабати билан ватандошларни давлат мукофотлари билан тақдирлаш маросимида биринчи президентни хотирлаб шундай деди: «Биз ҳеч қачон ўтган даврдаги ишларни ёмонламаганмиз, келгусида ҳам бундай қилмаймиз».