Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси ЕХҲТдан уч нафар халқаро кузатувчини рўйхатдан ўтказди

«Газета.uz» сайти фотосурати

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссиясининг 30 август кунги мажлисида Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) нинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросидан (ДИИҲБ) уч нафар халқаро кузатувчини рўйхатдан ўтказди. Бу ҳақда МСК матбуот хизмати хабар беради.

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси бўлажак президент сайловида кузатувчи мақомида иштирок этиши учун ЕХҲТга июлда таклифнома юборганди. Май ойида ЕХҲТ/ДИИБҲ делегацияси Ўзбекистонга ташриф буюриб, бўлажак президент сайловини 10-15 экспертлардан иборат асосий гуруҳлар, 28 та узоқ муддатли ва 250 нафар қисқа муддатли кузатувчилар иштирокида мониторинг қилиш борасида тавсиялар берганди.

Сайлов кодексининг 33-моддасига мувофиқ, сиёсий партиялардан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан, шунингдек бошқа давлатлар ва халқаро ташкилотлардан кузатувчилар ўз фаолиятини тегишли комиссиялар томонидан берилган мандатлар асосида амалга оширади. Манфаатдор ташкилотлар ўз кузатувчилари тўғрисида сайлов комиссияларига сайловдан камида ўн кун олдин ариза билан маълум қилади.

Оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш тўғрисидаги МСК қарорига мувофиқ 36 нафар маҳаллий ОАВ вакили рўйхатдан ўтказилди. Қайд этиш жоиз, шу кунга қадар аккредитациядан ўтказилган маҳаллий ОАВ вакиллари сони 766 нафар, хорижий ОАВ вакиллари сони 48 нафарни ташкил этади.

Марказий сайлов комиссияси аъзолари мажлис кун тартибидаги биринчи масала – Сиёсий партиялар томонидан тақдим этилган имзо варақаларининг тўғри тўлдирилганлигини текширувчи Эксперт гуруҳларини тузиш масаласини кўриб чиқдилар. Сайлов кодексининг 39-моддасига биноан, сиёсий партиялар тақдим этган имзо варақаларининг тўғри тўлдирилганлиги Марказий сайлов комиссияси томонидан беш кунлик муддатда текширилади. Эксперт гуруҳи таркибига ички ишлар органларининг, адлия органларининг мутахассислари, шунингдек фуқаролик жамияти институтлари вакиллари жалб этилади. Имзо варақаларини текширишда сиёсий партияларнинг ваколатли вакиллари иштирок этади.

Ўзбекистон президенти сайлови шу йилнинг 24 октябрига белгиланган. Сайловолди кампанияси 23 июлдан старт олди. Қонун бўйича рўйхатдан ўтган сиёсий партиялар ўз номзодини илгари суриш ҳуқуқига эгадир. Ҳозирда Ўзбекистонда бешта сиёсий партия фаолият юритади — Ўзбекистон Халқ демократик партияси, «Миллий тикланиш» демократик партияси, «Адолат» Социал-демократик партияси, Ўзбекистон Либерал демократлар партияси (ЎзЛиДеп) ва Ўзбекистон Экология партияси.

Барча партия ўз номзодини илгари сурди, уларнинг орасида Ўзбекистон Либерал-демократик партияси (ЎзЛиДеп) амалдаги президент Шавкат Мирзиёев номзодини кўрсатди. Номзодларни рўйхатга олиш сайловга 35 кун қолганда тўхтатилади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ