БМТ Хавфсизлик кенгаши Афғонистон бўйича резолюция қабул қилди ва унда «Толибон»* ҳаракатини мамлакатни тарк этмоқчи бўлган барча афғон ва чет эл фуқароларининг эркинлик ва хавфсизлигини таъминлашга чақирди. Резолюцияни қўллаб 13 та давлат овоз берди, Россия ва Хитой бетараф бўлди, деб хабар беради БМТ янгиликлар сайти.
Резолюцияда афғонларнинг турли чегара ўтказиш пунктларидан, жумладан эндиликда АҚШ назоратида бўлмаган пойтахт Қобул аэропортидан мамлакатни тарк этиш ҳуқуқига эга эканликларига урғу берилган. Ҳужжат муаллифлари янги ҳукуматдан Афғонистонни тарк этмоқчи бўлган барча одамларга имкон берилишини кутадилар. Резолюцияда аэропортнинг тезкор фаолияти ва унинг хавфсизлигини таъминлаш учун халқаро партнёрлар билан ҳамкорлик қилиш зарурлиги айтиб ўтилган.
Шунингдек, резолюцияда толиблардан Афғонистон бошқа мамлакатларга ҳужум уюштириш, террорчиларга бошпана бериш ва уларни тайёрлаш, терактларни режалаш ва молиялаштириш учун плацдарм сифатида фойдаланмаслиги талаб қилинади.
Хавфсизлик кенгаши аъзолари Афғонистонга инсонпарварлик ёрдамини кучайтириш зарурлигига урғу берадилар. Афғонистондаги барча кучлар БМТ агентликлари ва унинг ҳамкорлари учун ёрдамга муҳтож аҳоли билан алоқада бўлишига хавфсиз ва тўсиқсиз йўл очиб беришлари зарур. Резолюция муаллифлари янги ҳукуматни халқаро гуманитар, инсон ҳуқуқлари, аёллар, болалар, кам сонли халқлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга, мамлакатдаги сиёсий жараёнларда аёллар иштирокини кафолатлашга чақирадилар.
Россиянинг БМТдаги доимий вакили Василий Небензя овоз беришдан бош тортганлик сабабини тушунтираркан, резолюция муаллифлари Москванинг принципиал ташвишларини инкор этганларини таъкидлади. Жумладан, ҳужжатда РФнинг Афғонистон молиявий активларини музлатиш салбий оқибатларга олиб келиши ва «Ислом давлати»* ва «Шарқий Туркистон ислом ҳаракати»* террорчи гуруҳларини қоралашга доир таклифлари ўз аксини топмагани айтилади.
АҚШ ҳарбийлари 30 август куни Афғонистонни тўлиқ тарк этдилар. АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Қўшма Штатлари ушбу мамлакатда дипломатик фаолиятини тўхтатганини ва америкалик дипломатлар бундан кейин афғон йўналишида Катардан туриб иш олиб боришларини айтди. «Толибон» вакиллари АҚШ ҳарбийларининг мамлакатни тарк этишини Қобул кўчаларида осмонга ўқлар отиш билан нишонладилар.
* РФ ва бир қатор мамлакатларда террорчи деб тан олинган ташкилот (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз)