Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Афғонистон билан чегарани очиш режаси йўқлигини маълум қилди

Ўзбекистон ТИВ биноси. Dunyo.info сайти фотосурати

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Афғонистонда толиблар* режимидан қочмоқчи бўлган одамларга ўз чегарасини очишга тайёр экани тўғрисидаги хабарларга муносабат билдирди. Вазирлик эълон қилган хабарнинг тўлиқ матнини келтирамиз.

***

Бугун интернет тармоғидаги айрим ахборот агентликлари ва веб-сайтлари орқали “Ўзбекистон Афғонистондаги Толибон режимидан қочганларга ўз чегараларини очишга тайёрлиги” ҳақидаги маълумотлар тарқалди.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Матбуот хизмати қуйидагиларни маълум қилади.

Ҳозирда хавфсизликни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон-Афғонистон чегараси тўлиқ ёпилган ва “Термиз” назорат-ўтказиш пунктидан қуруқлик орқали ўтиш амалга оширилмаяпти.

Яқин орада Ўзбекистон-Афғонистон чегарасидаги “Термиз” назорат-ўтказиш пунктини очиш кўзда тутилмаган.

Чегарани кесиб ўтишга бўлган ҳар қандай уринишлар, уларнинг сабабларидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ бартараф этилади.

Ўзбекистон томони қатор давлатларга охирги 12 кун ичида Афғонистондан ўз фуқароларини эвакуация қилиш бўйича гуманитар операцияларни амалга оширишда ёрдам кўрсатиб, уларнинг мамлакатимизга келиши ва Ўзбекистонни тарк этиши фақат ҳаво йўли орқали амалга оширилди.

Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида афғон қочоқларини қабул қилмаслигини, транзитда ёрдам кўрсатишини, уларнинг мамлакатда қатъий чекланган вақтда бўлиб туришини яна бир бор маълум қилади.

***

Ўзбекистон ГФР ҳукумати томонидан эвакуация қилиниши керак бўлган афғон қочқинлари учун ўз чегарасини очишга тайёр экани тўғрисида 30 август куни Германия Ташқи ишлар вазири Хайко Маас (Heiko Maas) ҳамкасби Абулазиз Комилов билан бўлган суҳбатдан сўнг журналистларга маълум қилганди. Гап Афғонистондан кўчирилиши керак бўлган одамлардан иборат немис рўйхати ҳақида кетмоқда. Рўйхатга, жумладан Германия фуқаролари, ҳаёти хавф остида бўлган афғон ҳуқуқ ҳимоячилари ва журналистлари қиритилган.

«Ўзбекистон бундан кейин ҳам ҳамкорлик қилишга тайёр. Ҳозирда айрим деталлар устидан музокаралар олиб борилмоқда», — деб ёзган Маас ўзининг Facebookдаги саҳифасида.

Шу билан бирга у Берлиннинг Афғонистондаги одамлар Ўзбекистон орқали эвакуация қилинишидан манфаатдор эканига урғу беради. Маасга кўра, кўчирилиши керак бўлган одамларнинг йиғилиши керак бўлган манзилни очиқлаб бўлмайди, акс ҳолда бу ерга эвакуацияга дахлдор бўлмаган ўн минглаб одамлар ёғилиб келиши мумкин.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва бир қатор давлатларда террорчи ташкилот деб тан олинган ва тақиқланган.