Uzbekistan Airways Москва йўналиши бўйича Express «эконом- рейслар» нархини эълон қилди

Uzbekistan Airways матбуот хизмати фотосурати

Uzbekistan Airways Express авиақатновининг сентябрь ойидан бошлаб Москва йўналиши бўйича авиачипталар нархи 1 490 645 сўмдан ($140 ёки 10 350 рубль) бошланади. «Бориб-келиш» форматида олинган авиачипталарнинг нархи 2 833 750 сўм ($266 ёки 19 680 рубль) ва ундан юқори бўлиши мумкин. Бу ҳақда 30 август куни Uzbekistan Airways авиакомпанияси матбуот хизмати хабар берди, шунингдек у нархлар 20 фоизга камайтирилганини маълум қилди.

«Тўлиқ эконом» форматига мослаштирилган авиалайнерлар Москвага парвозларини Тошкент, Урганч, Наманган, Бухоро, Фарғона, Қарши шаҳарларидан амалга оширади.

Шунингдек, Тошкентдан модификация қилинган самолётлар Краснодарга – чипталар 1 717 888 сўмдан ($161 ёки 12 минг рубль), Минералние Води — 1 551 782 сўмдан ($146 ёки 10 776 рубль), Ростов-на-Дону — 1 520 238 сўмдан ($143 ёки 10 557 рубль) шаҳарларига парвозлар уюштиради. Келгусида Uzbekistan Airways Express Новосибирск, Қозон, Сочи, Екатеринбург, Актау ва Актобега авиақатновларни бошлайди.

Uzbekistan Express аиачипталарини www.uzairways.com сайти, Uzbekistan Airways Sales филиалидан ёки авиакомпания агентларидан харид қилиб олиш мумкин, дейилади авиакомпания хабарида. Бироқ, сайтда сентябрь ойидан бошлаб Тошкент — Москва йўналиши бўйича авиачипталарнинг нархи 4 096 971 сўмдан ($384 ёки 28 451 рубль) бўлиши кўрсатилган. «Фарғона» машҳур агрегаторлардан ушбу йўналиш бўйича чипта топишга ҳаракат қилди. Россия авиакомпаниясининг 29 сентябрдаги авиапарвозининг минимал чипта нархи 22 708 рублдан бошланиши маълум бўлди.

Uzbekistan Airways сайтининг 20201 йил 30 август саҳифаси скриншоти

Uzbekistan Airways «тўлиқ эконом» форматини ўз ичига олувчи гибрид моделга ўтишини август ойининг охирида республика мустақиллигининг 30 йиллигига бағишлаб эълон қилди. Ушбу модел классик ҳаво кемалари (бизнес-класс ва эконом класс) ва «тўлиқ эконом класс» самолётлари ҳусусиятларини ўзида жам қилган. Иккита А320-200 аэробуси «тўлиқ эконом» форматига мослаштирилган ва келгусида яна иккита лайнер ушбу рўйхатга қўшилади.

Янги форматдаги биринчи авиапарвоз 30 август куни амалга оширилди ва унда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан ҳамкорликда 22 нафар мигрант-йўловчилар таклиф этилиб, уларга бир марталик Тошкент-Москва йўналишига бепул авиачипталар ҳадя этилди. «Бу ҳам ўз навбатида авиабилет харид қилиб олишга имконияти бўлмаган йўловчиларга кўрсатилаётган эътибордан дарак», — дейилади авиакомпания матбуот хизмати хабарида. Таъкидлаб ўтамиз, модификация қилинган авиалайнерлар 174 та эконом-класс ўриндиғига эга.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ