Покистон Бош вазири Имрон Хон Афғонистонни Ашраф Ғани бошқарар экан «Толибон» радикал ҳаракати (Россия ва кўп давлатларда тақиқланган ташкилот) афғон ҳукумати билан тинчлик музокараларини олиб бормаслигини маълум қилди. Имрон Хон Reuters агентлигига берган интервьюсида толибларнинг етакчилари унга мана шундай деганини гапириб берди.
Хон Афғонистонда ҳукм сураётган ҳозирги шароитда сиёсий келишувга эришиш мушкуллигини айтган. Эслатиб ўтамиз, май ойида хориж харбий кучлари мамлакатни тарк эта бошлаганидан сўнг толиблар кенг кўламли ҳужумларини бошлаганлар.
«Бундан уч-тўрт ой олдин ҳаракатнинг олий раҳабарияти ташриф буюрганида мен «Толибон»ни тинчлик сулҳига ундаб кўрдим…», — дейди Имрон Хон Исломободдаги уйида берган интервьюсида.
«Шарт шундаки, токи Ашраф Ғани Афғонистон президенти экан, бизлар [«Толибон»] афғон ҳукумати билан гаплашишни истамаймиз,
— дея Бош вазир радикал ҳаракат етакчилари сўзларини келтиради.
Ахборот агентлиги таъкидлаганидек, толиблар президент Ашраф Ғани ва унинг ҳукуматини АҚШ қўлидаги «қўғирчоқ» деб билади ва ўтган йил сенябрда Доҳада бошланган толиблар ва афғон ҳукумати вакиллари иштирокидаги музокаралар бирор натижага бермаган. Ҳозирги кунда қатор давлатлар, жумладан Қўшма Штатлари вакиллари Доҳада бўлиб, 10 августда бошланган Афғонистондаги қуролли жанжалларни тинчлик йўли билан ҳал этишга доир уч кунлик музокараларда иштирок этмоқдалар.
Афғон ҳукумати толибларнинг бу галги босқинчилиги ортида Покистон турганини бир неча бор таъкидлади.
Афғон сиёсатчилари мамлакатда юз бераётган ҳарбий ҳаракатларни қўшни давлатнинг «прокси уруши» деб баҳолайдилар. Канаданинг Покистондаги собиқ элчиси Крис Александер ҳам шундай фикрни билдирган. У ижтимоий тармоқлардаги #SanctionPakistan кампаниясининг фаол иштирокчиси ҳисобланади. Кампания иштирокчилари толибларни қўллаб-қуввалаётгани учун Покистонга нисбатан санкциялар жорий қилиниши талаб қиладилар.
Афғонистонда ҳукумат кучлари учун вазият борган сари оғирлашиб бормоқда. 11 дан 12 августга ўтар кечаси толиблар Ғазна вилояти марказини қўлга киритдилар. Шунингдек, 11 август куни Қундуз аэропортини қўриқлаб келаётган афғон армияси аскарлари толибларга таслим бўлган. Ҳарбийлар жангариларга ўз қурол-аслаҳалари, оғир техникалар, жумладан вертолётни топширганлар. Ҳозирга келиб «Толибон» радикал ҳаракати мамлакатнинг ўнта вилояти марказини назорат қилмоқда.