Ўзбекистонда 18 ёшга тўлган етим болалар бир хонали уй билан таъминланади

Studylib.ru сайти фотосурати

Ўзбекистонда 18 ёшга тўлган (30 ёшдан ошмаган ҳолда) етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун майдони 25 квадрат метрдан кам бўлмаган бир хонали уй-жой ажратилади. Улар ўртасида никоҳ тузилган тақдирда 2 хонали уй-жой (50 квадрат метрдан кам бўлмаган) берилади. Президентнинг 9 августдаги «Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида» ги қарорида мана шу ҳақда сўз юритилади.

Уй билан таъминлашга доир янги тартиб 15 августдан кучга киради. Президент 1 декабрга қадар 757 нафар болани уй билан таъминлаш вазифасини қўйди. Бунга қадар етим болаларга бўш турган ётоқхона ва қаровсиз қолган уйлардан ажратиб келинган. Мазкур қарор ижроси билан боғлиқ харажатлар учун маблағларни тегишли вазирлик ва идораларнинг асослантирилган ҳисоб-китоблари асосида 2021 йилда Давлат бюджети ҳисобидан ажратилиши таъминланади.

Жорий йилнинг 1 сентябридан бошлаб етим болалар учун Талабаларни рағбатлантириш жамғармаси ҳисобидан 50 фоизга оширилган миқдорда стипендия (амалдаги 470 минг сўмдан 705 минг сўмга оширилади) тўланади, тарбия муассасаларидаги болаларга нодавлат таълим ташкилоти ўқув курсларида ўқиш харажати учун йилига 4,9 млн сўмдан ($460) компенсация тўланади. Етим болалар болалар боғчаси ва мактабларга навбатсиз қабул қилинади.

Қарорга кўра, ногиронлиги бўлган етим болаларни васийликка олган оилаларга тўланадиган тўловлар 2,5 млн сўмга ($235) етказилади, соғлом етим болаларни васийликка ва ҳомийликка олганлик учун 1,2 млн сўм ($113) миқдорида ҳар ойлик моддий ёрдам тўловлари тўланади.

Етим болаларнинг хорижий давлатларда жарроҳлик амалиёти харажатлари тўлиқ миқдорда компенсация қилинади.

Кейинги йилларда республикада етим болаларни ижтимоий қўллаб-қувватларга доир бир неча қонунлар қабул қилинди. Жумладан, 2019 йил февралда президент тижорат банкларига етим болаларнинг уй-жой сотиб олишлари ва ишбилармонлик билан шуғулланишлари учун имтиёзли кредитлар берилишига доир топшириқ берди. Давлат етим болаларга турар-жой берилишини кафолатлайди, лекин уларнинг алоҳида уй билан таъминланиши борасида илк бор мана шундай қарор қабул қилинди.

Ўзбекистонда ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларни тарбиялаш ва қўллаб-қувватлаш борасида бир неча хил муассасалар фаолият юритади. 560 нафарга яқин болалар 13 та Болалар уйи ва тўртта Болалар шаҳарчаларида, 1823 та бола ўн олтита «Меҳрибонлик» уйларида, 21 минг нафар ўғил ва қиз болалар 86 та махсус мактаб-интернатларида тарбия оладилар. Бундан ташқари, 79 мингта бола васийлик ва ҳомийлик, оилавий патронат остида тарбияланади. «Меҳрибонлик» уйларидаги болаларнинг 17 фоизи — ота-онасидан маҳрум бўлган, 83 фоизи эса ота-она ёки яқин қариндошлари томонидан ташлаб кетилган болалардир.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ