Мирзиёев: «Свет бўйича, айниқса, газ бўйича одамлар биздан жуда норози»

Шавкат Мирзиёев. president.uz сайти фотосурати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев табиий газ қазиб олиш ва суюлтирилган газ ишлаб чиқариш бўйича эришилган натижаларни танқид қилди. Давлат раҳбари 9 август куни истеъмолчиларни нефть ва газ ресурслари билан барқарор таъминлаш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.

«Газ, нефть соҳасидаги ислоҳотлар бўйича кўп қарорлар, фармонлар қабул қилдик, янги раҳбарлар қўйдик, трансформация бўйича биринчи қадамларни қўйдик. Нефть ва газ билан барқарор таъминлаш бўйича аниқ-аниқ вазифалар нималардан иборат? Жуда катта изланишлар ҳозирги талаб нуқтайи назаридан ўзининг натижасини бермаяпти. Жорий йилнинг ўзида 917 млн куб газ импорт қилдик. Бу жуда катта рақам, иккинчидан, импорт қилганда ўзимиз пул тўлаяпмиз, валютага олиб келяпмиз. Бу келажакда нима бўлади?

Уч йилда берган [нефть-газ соҳасига] 1 млрд 400 млн доллар пулимиз ўз натижасини бермаяпти, десак, бу ҳам тўғри бўлади. Свет бўйича, айниқса, газ бўйича одамлар биздан жуда норози», — деди давлат раҳбари (Kun.uz сайти цитатаси).

Президент томонидан иккинчи ярим йилликда 32 миллиард куб метр табиий газ ресурлари балансини таъминлаш, айниқса, куз-қиш мавсумида тизимни барқарор ишлатиш вазифаси қўйилди. Бунинг учун ҳар бир кон кесимида аниқ чора-тадбирларни белгилаб, истеъмолчиларга узлуксиз етказиб бериш, хорижий ва қўшма корхоналар салоҳиятидан ҳам унумли фойдаланиш зарурлиги таъкидланди.

Бундан ташқари, давлат раҳбари геологик-техник тадбирларни бажаришга тажрибали пудратчиларни, ишлатилмасдан турган конларга танлов асосида инвесторларни жалб қилиш бўйича кўрсатмалар берди

Давлат статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, 2020 йили Ўзбекистонда газ ишлаб чиқариш 17,8 фоизга камайган. 2021 йили 53,8 млрд кубметр миқдорида газ қазиб олиш вазифаси қўйилган, деб ёзади Газета.уз.

Ўтган қиш фаслида республика аҳолиси газ таъминотида кўплаб муаммоларга дуч келди. Декабрда Мирзиёев газ экспортини камайтириб, табиий ёнилғини ўзбекистонликлар хонадонига йўналтиришни буюрди. Ўшанда ўтказилган видеоселектор йиғилишида Ўзбекистон президенти «менга баландпарвоз гаплар ва рақамлар керак эмас. Жойлардаги раҳбарларнинг ишлари натижасига ижтимоий тармоқларда халқимиз ўзи холис баҳо бермоқда, – деганди.