Маданий мерос объекти ҳисобланган Абдуллахон мадрасаси деворининг бир қисми қулаб тушганлиги ҳолати юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 207-моддаси («Мансабга совуққонлик билан қараш») билан жиноят иши қўзғатилди, деб хабар беради Ўзбекистон Бош прокуратураси.
Ушбу модда базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари жазосини кўзда тутади.
Абдуллахон мадрасаси деворининг бир қисми 30 июль куни қулаб тушган. Бухоро вилояти ҳокимияти ҳодисани кўп йиллик «техноген жараёнлар» — иссиқ ва совуқ иқлим, ёғингарчиликлар ва ер ости сувларининг кўтарилиши таъсирида содир бўлганини таъкидлаган.
Бухоро вилояти маданий мерос бошқармаси маълумотига кўра, ҳозирда обидани таъмирлаш-тиклаш бўйича лойиҳа ҳужжатлари деярли тайёр бўлган. Лойиҳа бўйича тегишли ташкилотларнинг хулосаси олингандан сўнг таъмирлаш-тиклаш ишлари тезкорлик билан бошланиши маълум қилинди.
Лойиҳа ҳужжатлари келишилгунга қадар, объектдаги деворларни мустаҳкамлаш ва тиргаклар қўйиш ишлари олиб борилади.
Бошқарманинг Sputnik Ўзбекистонга берган маълумотига кўра, обидани тўлиқ таъмирлаш ва тиклаш ишлари учун тахминан 6,0 млрд. сўм ($562 мингдан ортиқ) миқдорида маблағ талаб этилади.
Бухоро вилояти маданий мерос бошқармаси 1998-2000 йиллари мадрасада таъмирлаш ишлари олиб борилгани, лекин конструктив реставрация қилинмаганини маълум қилган.
Абдуллахон мадрасаси 1588-1590 йиллари бунёд этилган. У ЮНЕСКО нинг маданий мерос объектлари рўйхатига киритилган.