2021 йилги президентлик сайловларига «Адолат» социал-демократик партияси томонидан партия раҳбари Баҳром Абдуҳалимов номзоди эълон қилинди. 5 августда бўлиб ўтган партия пленуми шундай қарор қабул қилди, деб хабар беради Podrobno.uz.
Баҳром Абдуҳалимов 2017 йилдан Фанлар академияси вице-президенти бўлиб ишлаган. Шунингдек, у тарих фанлари доктори, марказий Осиё ва шарқшунослик соҳасида олим саналади. Абдуҳалимов Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институтида кичик, катта илмий ходим, бўлим бошлиғи, илмий котиб, илмий ишлар бўйича директор ўринбосари, директор, Ўзбекистон Президенти давлат маслаҳатчиси лавозимларида ишлаган. 60 дан зиёд илмий асарлар, шу жумладан, 2 та монография муаллифи.
Абдуҳалимов 2020 йил октябридан бошлаб «Адолат» СДП бошқариб келади.
У ўзи бошқараётган партия «адолатли жамият» қуришга интилаётганини таъкидлаган.
«Пандемияни ҳисобга олиб, биз тиббиёт соҳасида миллий дастур яратиш ниятидамиз. Соғлиқни сақлаш тизими суст бўлган иқтисодиёт кучли бўлолмайди», — деган у.
Шунингдек, Абдуҳалимов олий таълим тизимини ислоҳ қилишни вада қилади.
Ўзбекистонда президентликка сайловлар 24 октябрда бўлиб ўтади. Партияларнинг ўз номзодларини тақдим этиш кампанияси 23 июлдан старт олди. Биринчи бўлиб Ўзбекистон Экологик партияси Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида қатнашиши учун ўзининг етакчиси Нарзулло Обломуродов номзодини эълон қилди.