Италиянинг «Рома» клуби ўзбек футболчисини рекодр суммага сотиб олди

Элдор Шомуродов (ўнгда). asroma.com сайти фотосурати

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳужумчиси Элдор Шомуродов италияликларнинг «Рома» клубида карьерасини давом эттиради. Бу ҳақда команданинг расмий сайтида хабар берилган.

Рим клуби Элдор Шомуродовни «Женоа»дан 17,5 миллион евро эвазига харид қилган. Бу ўзбек футболчилари трасферида рекорд сумма ҳисобланади. Аввалги рекорд ҳам Шомуродовга таалуқли бўлиб, унда 2020 йили «Женоа» ўзбек футболчисини «Ростов»дан 7,5 млн еврога сотиб олганди. 2017 йили россиянинг «Краснодар» клуби Ўзекистон миллий терма жамоасининг ярим ҳимоячиси Одил Аҳмедовни хитойликларнинг «Шанхай СИПГ» жамоасига 7 млн еврога сотган эди.

Шомуродовнинг «Рома» клуби билан шартномаси 5 йил муддатга тузилган. Россиянинг Матч ТВ сайти маълумотига кўра, ўйинчининг «Рома»даги ойлиги йилига 2 млн евро бўлади. Шомуродов 14 — рақам остида тўп суради.

«''Ром''га ўтиш — карьерамда олдинга катта қадам ташлашни англатади. Мен бу имкониятга лойиқлигимни исботлаш ва дунёдаги энг йирик клублардан бирида нимага қодирлигимни намойиш қилиш учун қўлимдан келганини қиламан. Ушбу келишув бу даражада тезлик билан амалга ошиши менинг мураббий ва янги жамоадошларимга қўшилиш ва иложи борича тезроқ ишга киришишга бўлган истагимдан далолат», — дея трансферини изоҳлади Шомуродов.

Июль сўнггида «Женоа»нинг «Рома» билан ўзбек футболчисини 2.5 млн еврога ижарага олишни режалаштираётгани тўғрисида хабарлар пайдо бўлганди. Бироқ, римликлар Шомуродовни ижарага олиш фикридан воз кечдилар, талаб қилинган суммани тўлаб, футболчини бир йўла қўлга киритдилар. Бундан ташқари, «Женоа» клуби ўйинчининг кейинги трансферларидан улушга давогарлик қилиши мумкин.

«Рома»нинг бош менежери Тиаго Пинтонинг сўзларига кўра, Элдор — катта потенциалга эга форвард ҳисобланади. У «Рома»да ўзини кўрсатишга иштиёқманд.

Марказдан олиб бориладиган ҳужумда Шомуродов испаниялик Борха Майорал ва босниялик Эдин Жеко билан рақобатлашади.

«Рома» — Европанинг энг кучли клубларидан бири ҳисобланади. Шу йилнинг август кўрсатгичи бўйича у УЕФА рейтингида 13-чи ўринни эгаллаган. Римликлар уч марта А сериясида ютганлар, тўққиз марта Италия кубогини қўлга киритганлар. «Рома» чемпионлар Лигаси ва УЕФА Кубоги финалларида иштирок этган. Ўтган мавсумда клуб А сериясида еттинчи ўринни эгаллади ва инглизларнинг «Манчестер Юнайтед»ига ўйинни бой бериб Европа Лигаси мусобақалари ярим финалигача етиб борди.

Элдор Шомуродов — Муборак «Машъал»ида тарбия топган. У 2015 йили Тошкентнинг «Бунёдкор»ига ўтди. Элдор 2017 йили «Ростов» клубига таклиф этилди. Футболчи 91 та матчда қатнашиб, 18 та гол урди. Шомуродов ўтган йили «Женоа» клуби таркибига ўтди. Ўзбек футболчиси генуаликлар учун А сериясида 31 та ўйинда иштирок этди, рақиб дарвозасига 8 марта тўп киритди. Ҳужумчи Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида 49 та матчда иштирок этиб, 22 та гол урди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ