Мирзиёев эмланмаган ходимларни ишдан четлатишга рухсат берувчи қонунни тасдиқлади

Шавкат Мирзиёев. Xs.uz сайти фотосурати

Шавкат Мирзиёев эмланмаган ходимларни ишдан четлатиш ва фуқароларни розилигисиз ҳам вакцинация қилишга доир ўзгартиришлар киритилган Ўзбекистон қонунини тасдиқлади. Қонун 3 августдан кучга киради.

«Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлашга қаратилган ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги қонун билан Меҳнат кодексининг 113-моддасига ходим карантинли ва юқумли касалликлар таҳдиди бўлганда Бош давлат санитария врачи қарори асосида профилактик эмлашдан ўтишни рад этса (қарши кўрсатма мавжуд бўлмаганда) иш берувчи уни ишга қўймасликка ҳақли эканлигига оид кўшимча киритилди. Республика Адлия вазири Русланбек Давлетов қонунга киритилган ўзгартиришда иш берувчининг ходимни ишдан бўшатиш эмас, ишдан четлатишга ҳақли эканига аниқлик киритди.

Бундан ташқари, «Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида»ги Қонунга киритилган қўшимчага кўра карантинли ва хавфли юқумли касалликлар тарқалиши таҳдиди бўлганда Бош давлат санитария врачининг қарори асосида аҳолини профилактик эмлашдан ўтказиш жорий этилиши белгиланди.

Бу норма моҳиятан аҳолини мажбурий эмланишига қонуний тус беради. Бироқ, Давлетовнинг эътирофига кўра, агар фуқаро вакцина олишни хоҳламаса, «ҳеч ким унинг қўл-оғидан боғлаб, тиббий муассасага эмланишга юбормайди».

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 19 июлдан 18 ёшдан юқори айрим тоифадаги фуқароларнинг COVID-19га қарши мажбурий эмланиши жорий этилди. Ушбу рўйхатга савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари, спорт мактаблари, маданий-кўнгилочар муассасалар ходимлари, ҳарбий хизматчилар, умумовқатланиш ва бошқа ташкилот вакиллари киритилган. Бундай қарор Бош давлат санитария врачи Баҳодир Юсупалиев томонидан қабул қилинди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ